30 мартдан бошлаб Uzbekistan Airways Наманган – Олмаота – Наманган янги халқаро йўналиши бўйича мунтазам қатновларни йўлга қўяди. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизмати хабар берди.
Парвозлар ҳафтасига икки марта чоршанба ва шанба кунлари амалга оширилади. Наманган-Олмаота йўналишида багажсиз парвоз қилиш шарти билан авиачипта нархи 996 863 сўмдан (87 доллар), Наманган-Олмаота-Наманган йўналишида эса 1 669 213 сўмдан (145 доллар) бошланади.
Парвозлар «Шарқий» хаб лойиҳаси доирасида амалга оширилади. Маълумки, унга Наманган ва Фарғона аэропортлари киради.
Лойиҳа Наманган аэропортининг Фарғона водийси аҳолиси учун энг оммабоп йўналишлар бўйича чипталар нархини пасайтириш бўйича таклифи асосида ишлаб чиқилган ва у жорий йилнинг январь ойида Россия шаҳарлари ва Истанбулга парвозлар бошланган пайтда бошланган эди.
COVID-19 пандемияси туфайли узилиб қолган Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳаво қатнови 2020 йил сентябрь ойидан бошлаб босқичма-босқич тиклана бошланди. Жорий йилнинг 16 март ойидан мамлакатлар ўртасида автобуслар мунтазам қатнай бошлади, апрелдан эса йўловчи темир йўл қатнови тикланади.