Хорижий IT-компанияларга Ўзбекистонда ўз бизнесини кенгайтириши учун сармоялар ваъда қилинди

Шерзод Шерматов. Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Хорижий IT-компаниялари Тошкент IT-паркининг резиденти сифатида рўйхатдан ўтган тақдирда, Ўзбекистонда ўз бизнесини кенгайтириши учун офис ва жиҳозлар кўринишида инвестицияларни олиши, камида олти ой муддатга ижара тўловидан, шунингдек коммунал тўловлар ва Интернет харажатларидан озод этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Тошкент халқаро инвестиция форуми чоғида маълум қилди.

Аутсорсинг компаниялари маҳаллий IT-мутахассисларини рақобатбардош шартлар асосида жалб қилиш ва бир қатор имтиёзлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Жумладан:

👉 IT Park резидентлари 2028 йилгача барча корпоратив солиқлардан озод қилинган,

👉 IT-компаниялар Ўзбекистон фуқароси бўлмаган ходимлар билан хорижий валютада ҳисоб-китоб қилиш имкониятига эга,

👉 резидентлар жойлашган жойидан қатъий назар бутун мамлакат бўйлаб ўз фаолиятини амалга оширишлари мумкин,

👉 уларнинг ходимлари учун ишлаш учун рухсатнома олиш тартиби бекор қилинган.

Яқинда IT Visaни бериш тартиби тасдиқланди – унда яшаш учун рухсат олиш соддалаштирилган, шунингдек ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари тақдим этилган. IT визасини олиш учун минимал миқдордаги ҳужжатлар талаб қилинади, жараён уч кун давом этади. Ўзбекистонга кўчиб ўтишни режалаштираётган IT-компаниялар зарур инфратузилма билан таъминланади.

Шерматов Ўзбекистонда ишлаш истагида бўлган барча инвесторлар ва хорижий IT-компанияларга амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди

АКТ вазирининг сўзларига кўра, Ўзбекистон инсон капитали кўринишидаги қимматли бойликка эга. Айни пайтда Ўзбекистонда 35 миллион аҳоли истиқомат қилса, уларнинг 18 миллиони, яъни умумий аҳолининг 60 фоиздан ортиғини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.

«Бугунги кунда ёшларни АКТ соҳасига кенг жалб этишга жиддий эътибор қаратилмоқда. 2000-йилларда Ўзбекистонда юзга яқин ИТ-мутахассис бўлган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 50 мингга етди. 2030-йилга бориб уларнинг сонини бир миллион кишига етказиш бўйича кенг кўламли вазифа қўйилди»,– деди Шерзод Шерматов.

2021 йил якунига кўра, IT-экспорт ҳажми 46 миллион долларга етган, бу 2020-йилга нисбатан (16 миллион доллар) икки баравар кўпдир. Жорий йил охиригача бу кўрсаткич 100 миллион долларни ташкил этиши кутилмоқда, 2028-йил охиригача эса бу кўрсаткични 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Асосий IT экспорт бозорлари: АҚШ (83,3 фоиз), Буюк Британия (5,2 фоиз), Россия (3,2 фоиз), Корея Республикаси (2,1 фоиз) ва БАА (1,1 фоиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ