Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида қуввати 1560 МВт бўлган иссиқлик электр станцияси (ИЭС) қурилади.
Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Сурхондарё вилояти Ангор туманида янги иссиқлик электр станцияси қурилишига бағишланган маросим бўлди. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев инвесторлар билан биргаликда қурилишга старт берди.
Лойиҳа Германиянинг «Siemens Energy», Франциянинг «ЕDF», Нидерландиянинг «Stone City Energy» компаниялари томонидан давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади.
«Биз охирги йилларда энергетика соҳасида катта ислоҳотларни амалга ошириб, соҳани тўлиқ трансформация қилмоқдамиз. Жумладан, электр ишлаб чиқаришга илк бор хусусий сектор иштироки учун кенг имкониятлар очилди. Сўнгги уч йилда умумий қуввати 1 минг Мегаваттдан зиёд бўлган 5 та электр станцияси давлат-хусусий шериклик асосида ишга туширилди. Жалб этилган хорижий инвестициялар ҳажми 1 миллиард доллардан ошди», – деди Шавкат Мирзиёев.
Ангор ИЭС Сурхондарёдаги биринчи иссиқлик электр станцияси ва Ўзбекистонда сўнгги йилларда қурилган энг йирик станция бўлади. ИЭСлар орасида Сирдарё иссиқлик энергия станцияси етакчи бўлиб қолмоқда, унинг 2021 йил октябрь ойида модернизациядан сўнг қуввати 1950 МВтни ташкил этди.
Ангор ИЭС қурилишининг умумий қиймати 1,2 миллиард долларга баҳоланмоқда. Станция йилига 12 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Иссиқлик электр станцияси Сурхондарё вилоятидаги 500 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлаш ва қўшни Афғонистонга йилига камида 3 миллиард киловатт/соат электр энергиясини экспорт қилиш имкониятига эга бўлади. ИЭСда жорий этилган энг янги технологиялар йилига 1 миллиард куб метр табиий газни тежаш имконини беради.
Станция қурилиши давомида 2 000 дан ортиқ иш ўрни яратилади ва ИЭС ишга туширилгач, 150 нафарга яқин мутахассис доимий иш билан таъминланади.
2020 йилнинг декабрь ойидан бошлаб ўтказилган тадқиқотлар натижада Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида янги иссиқлик электр станцияси қурилиши учун 150 гектар ер майдони ажратилди.
Ҳужжатларга кўра, инвестор ушбу иссиқлик электр станциясини лойиҳалаштиради, молиялаштиради, қуради, ишга туширади, 25 йил давомида фойдаланади ва бошқаради.
Ўзбекистон ишлаб чиқариш қувватларининг қарийб 85 фоизи иссиқлик электр станциялари ҳиссасига тўғри келади. 2030 йилга келиб — “яшил” иқтисодиётга ўтиш доирасида уларнинг улуши 58,5 фоизгача камайиши керак. Бу эса 2030 йилга келиб умумий қуввати 6,7 ГВт бўлган замонавий фотоэлектр (ФЭС) ва шамол (ШЭС) электр станцияларини қуришни назарда тутади.
Жорий йилда Ўзбекистонда олтита иссиқлик электр станциясини ишга тушириш режалаштирилган. Январь ойида Бухоро вилоятида 270 МВт, Тошкент вилоятида эса 240 МВт қувватга эга иссиқлик электр станцияси ишга туширилгани хабар қилинган эди. Март ойида Тошкент вилоятида 230 ва 240 МВт қувватга эга иккита иссиқлик электр станцияси ва Хоразм вилоятида 174 МВт қувватга эга битта ИЭС фойдаланишга топширилади. Йил охирига қадар Сирдарё вилоятида қуввати 220 МВт бўлган иссиқлик электр станцияси ишга тушади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда умумий қуввати 9 ГВт бўлган 19 та электр станцияси қурилмоқда. Уларнинг умумий қиймати 10 миллиард доллардан ошади.