Мирзиёев: «Ўзбекистон – яшаш ва ишлаш учун хавфсиз макон, буни ҳеч ким инкор эта олмайди»

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистонда авваллари инвесторларнинг маҳаллий бозорга кириши ва эркин фаолият юритишига тўсқинлик қилаётган барча тўсиқлар олиб ташланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев халқаро инвестиция форумининг очилишида айтиб ўтди, деб хабар беради «Фарғона» мухбири.

«2017 йили биз миллий валюта – сўмни эркин конвертация қилишни йўлга қўйдик ва хорижий инвесторларнинг даромадларини репатриация қилиш бўйича барча чекловларни бекор қилдик. Очиқлик сиёсатини таъминлаш мақсадида 90 та хорижий давлат фуқаролари учун Ўзбекистонга киришда визасиз режим жорий этилди, 60 га яқин давлат фуқароларига эса соддалаштирилган тартибда виза олиш имконияти берилди. Бугун Ўзбекистон ушбу кўрсаткичлар бўйича минтақадаги энг очиқ давлат мақомига эришгани ҳеч кимга сир эмас», — деди президент.

У Ўзбекистонда мажбурий меҳнат, жумладан болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилгани, шу туфайли мамлакат кўп йиллардан буён турли қора рўйхатлар»да қолиб кетганини эслатди. Ушбу ютуқларни эътироф этган ҳолда, Cotton Campaign нодавлат нотижорат ташкилотларининг халқаро коалицияси ва дунёга машҳур брендлар яқинда ўзбек пахтаси ва тўқимачилик маҳсулотларига нисбатан жорий этган бойкотни бекор қилишди.

Мамлакатда фуқаролик жамияти ривожланмоқда, сўз эркинлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда ва улар президент таъкидлаганидек, «Оммавий ахборот воситаларини «тўртинчи ҳокимият»га айлантириш, давлат органларининг жамият олдидаги масъулиятини кучайтириш борасида салмоқли натижаларга эришди». Ўзбекистонда олиб борилаётган солиқ сиёсати ҳам тадбиркорлик ривожини рағбатлантирмоқда – кейинги йилларда солиқларнинг умумий сони 13 тадан 9 тага камайтирилди. Мол-мулк солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ ставкалари икки баробарга камайди. Шу билан бирга, импорт учун 6 мингга яқин божхона тўловлари камайтирилди, 200 га яқин лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди ёки соддалаштирилди.

«Сўнгги йилларда бутун дунёда пандемия туфайли юзага келган синовлар, мавжуд иқтисодий қийинчиликлар ва бошқа муаммолар бизни ностандарт қарорлар қабул қилишга, янги шароитда ишлашга ва аниқ натижаларга эришишга ундади. Дунёда мавжуд мураккаб вазиятда ҳам Ўзбекистон яшаш ва меҳнат қилиш учун тинч ва хавфсиз маскан сифатида эътироф этилган, буни ҳеч ким инкор эта олмайди», — деди давлат раҳбари.

Мирзиёев ялпи сессияда нуқт сўзлади. Унда, шунингдек ЕТТБ президенти Одиль-Рено Бассо, Осиё тараққиёт банки президенти Масацугу Асакава, Саудия Арабистони подшоҳлиги инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ, Жаҳон савдо ташкилоти вице-президенти Сянчен Чжан, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки вице-президенти Константин Лимитовский, Халқаро молия корпорацияси вице-президенти Стефани фон Фридербург иштирок этмоқда.

Тошкентда Халқаро инвестиция форуми илк бор ўтказилмоқда. Коронавирус пандемияси туфайли тадбир икки марта қолдирилди. Форумда дунёнинг 56 давлатидан 1500 дан ортиқ йирик инвесторлар ва юқори мартабали меҳмонлар иштирок этмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ