Толиблар барча қизлар учун мактабларни очишига доир ваъдасини бажармадилар

Афғон ўқувчи қизлари. Twitter тармоғи фотосурати

«Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган ҳукуматнинг Таълим вазирлиги Афғонистонда бошланғич синф ўқувчиларидан ташқари барча мактаблар қизлар учун ёпиқлигича қолаётганини маълум қилди. Бу ҳақда 23 март куни Bakhtar News ахборот агентлиги хабар берди.

Ўтган йил август ойида толиблар ҳокимиятни эгаллаб олганидан сўнг афғон мактаблари ўқитишни тўхтатган эди. Сентябрь ойининг ўрталарида ўқув жараёни қайта тикланди, лекин фақат ўғил болалар учун.

Январь ойида «Толибон» вакили Забиуллоҳ Мужоҳид радикал ҳаракат янги ўқув йилидан бошлаб, яъни 21 мартдан кейин Афғонистондаги барча мактабларда қизларнинг ўқишига рухсат берилишини айтган эди.

Ўқувчи қизлар 23 мартдан машғулотларга қатнаши кутилганди. Бироқ , толиблар Таълим вазирлиги бугун мактаблар қизлар учун ёпиқлигича қолаётганини таъкидлади. Машғулотларга фақат 6 синфгача бўлган ўқувчи қизлар қатнашиши мумкин.

«Агар ислом қонунлари, афғон урф-одатлари асосида кенг қамровли режа тузилса ва ва раҳбарият буйруқлари чиқса, ўрта ва юқори синф ўқувчи қизлари учун мактаблар очилиши расман маълум қилинади», — дейилади Таълим вазирлиги баёнотида.

«Фарғона» ахборот агентлиги аввал хабар қилганидек, толиблар барча давлат университетларини талаба қизлар учун очишига доир ваъдасини бажарди. 26 февраль куни Афғонистондаги барча университетлар талаба қизларнинг таълим олиши учун қайта тикланди. Таълим айри ҳолда олиб борилади: йигитлар ва қизлар алоҳида синфларда таълим оладилар. Собиқ ҳукумат даврида қиз ва йигитлар битта синфда ўқитилар, бунда ўқитувчининг қайси жинсга мансублиги муҳим эмас эди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ