Қўқонда масжид имом-хатиби ва унинг оила аъзолари ис газидан заҳарланиб ўлган

Ҳалок бўлганлар хонадонида мўрида носозликлар аниқланган. «Ҳудудгазтаъминот» Телеграм-канали фотосурати

Қўқонда беш кишидан иборат бир оила ўз уйида ис газидан заҳарланиб вафот этган. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар беради. Воқеа 21 март куни содир бўлган.

Fargoniy.uz Телеграм-каналининг хабар беришича, «Ҳазрати Аббос» жоме масжиди имом-хатиби Саидкамолхон Маҳмудов, унинг рафиқаси ва уч нафар вояга етмаган фарзанди ҳалок бўлган.

Ўлим сабабини аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза тайинланган. «Худудгазтаъминот» корхонаси матбуот хизматининг маълум қилишича, хусусий турар-жой биноси газ билан таъминлангани боис газ таъминоти мутахассислари зудлик билан воқеа жойига етиб келган.

Текширув натижасига кўра, гараж хонасида икки паллали печ қозони ўрнатилган бўлиб, унинг устида ётоқхона жойлашган. Мўридаги носозлик ис гази тўпланишига олиб келиши мумкин.

ФВВ хабарига кўра, хонадон 2022 йил 18 февраль куни ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш юзасидан йўриқномадан ўтказилиб, махсус дафтарга имзо қўйдирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ