Мирзиёев Ўзбекистон халқини Наврўз байрами билан табриклади

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 21 март куни Тошкентдаги «Humo Arena» мажмуасида Наврўз байрами муносабати билан ўтказилган тантанада иштирок этди.

Мирзиёев байрамни ёпиқ жойда ўтказиш қарорини об-ҳавонинг ёмонлашгани, Ўзбекистонда сўнгги кунларда деярли тўхтовсиз ёмғир ёғаётгани билан изоҳлади. Президент буни «тўкинлик ва ва фаровонлик тимсоли, дея баҳолади.

«Буюк аллома Ҳаким Термизий бобомиз ўзининг “Наврўзнома” китобида «Наврўзи олам душанба куни кирса, ёмғир, қор ёғади, деҳқончилик, ҳосил мўл бўлади – йил тўқчиликда ўтади», деб ёзганлар. Бу фикрлар бугун – айни душанба куни Наврўзни кутиб олаётган эл-юртимизнинг эзгу орзу-ниятлари билан уйғун ва ҳамоҳанг десак, ҳар томонлама тўғри бўлади», — деди президент.

Мирзиёев бугунги кунда «бутун мамлакат байрам кайфияти ва бунёдкорлик руҳи билан яшаётгани»ни таъкидлади.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

«Наврўзи олам бизни табиат фарзанди бўлиб, Ватан тупроғини, она заминдаги ҳар бир гиёҳни кўзимизга тўтиё қилиб яшашга ўргатади.
Наврўз ҳаммамизга инсонийлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик фанидан сабоқ беради. Бугунги мураккаб дунёда халқимиз ҳаётини, фарзандларимиз келажагини, мусаффо осмонимизни асраб-авайлаш учун ҳар биримиз масъул ва жавобгар эканимизни янада чуқурроқ ҳис этамиз», — дея президент сўзларини келтиради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Мирзиёев Наврўз байрами мамлакатда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча ватандошлар учун умумхалқ байрамига, энг севимли ва ардоқли айёмга айланганини таъкидлади.

«Айни шу кунларда бағрикенг диёримизда миллатлараро дўстлик, ўзаро ҳурмат, саховат ва мурувват туйғулари яққол намоён бўлмоқда. Инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ишларимиз доирасида кенг жамоатчилик уйма-уй юриб, беморлар, кекса ва ногиронларга, кўмакка муҳтож оилаларга меҳр-оқибат, амалий ёрдам кўрсатмоқда», — деди президент.

Мирзиёев 22 март куни Маҳалла куни кенг нишонланишини эслатиб ўтди.

«Маҳалла биз учун Ватан ичра кичик ватандир. Шу боис, биз инсон қадрини маҳалла билан уйғун ҳолда тасаввур этамиз. Маҳалла тинч бўлса – бутун юртимиз тинч бўлади. Маҳалла обод бўлса, бутун мамлакатимиз фаровон бўлади. Айни шу сабабли, ҳаётимизда маҳалланинг ўрни ва нуфузини ошириш, унинг ваколат ва имкониятларини кенгайтиришга алоҳида аҳамият қаратмоқдамиз», — деди давлат раҳбари ва маҳалла фаолларини табриклади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ