Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси (МҚҚ) мамлакат шакар заводларига биржага таклиф қилинадиган шакарнинг минимал ҳажмини ошириш ва бир харидорга сотиладиган маҳсулотларнинг максимал ҳажмини чеклашни буюрди. Ушбу чора-тадбирлар шакар нархининг кескин ошиши, чайқовчилик ва нархларни манипуляцияси, шунингдек биржа савдоларида сунъий танқисликнинг олдини олишга қаратилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев ўзининг Телеграм-каналида МҚҚ раҳбари Шахрух Шараҳметовнинг 18 мартдан бошлаб «Ангрен Шакар» ва «Хоразм Шакар» заводларига кўрсатма берилган хатини эълон қилди:
❗️ кунлик 2000 тоннодан кам бўлмаган миқдорда барча иштирокчилар учун тенг шароит яратган ҳолда бир тонналтк лотларда қўйилиши ва барчаси эрталабки савдо сессиясига чиқарилишини таъминлаш;
❗️ бир савдо сессиясида битта харидорга сотиладиган шакарнинг максимал ҳажмини 20 тоннагача чеклаш.
Бир кун аввал, 17 март куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси ички бозорларда шакар нархининг «кескин ошгани» ҳақида хабар бериб, тадбиркорларни нархларнинг асоссиз оширилгани учун жавобгарликка тортилишидан огоҳлантирган эди. Шу куни товар-хомашё биржасидаги (UzEx) савдо сессияси якунига кўра, шакар нархи 1 кг учун 12,7 минг сўмга (1,12 АҚШ доллари) ошди, бу шакарнинг ўртача нархи 1 мартга нисбатан 54,3 фоизга юқори бўлишига олиб келди. Шу билан бирга, «Газета.uz»нинг ёзишича, улгуржи бозорда оғирлиги 50 кг бўлган бир қоп шакар аллақачон 800 минг сўмдан, яъни 1 килограмми 16 минг сўмдан (1,41 доллар) сотилмоқда.
Россияда, кейин эса Марказий Осиё мамлакатларида шакарга бўлган талаб ва нархларнинг ошиши Россияга қарши санкциялар жорий этилгандан сўнг, рублнинг тушиши ва доллар курсининг ўсишидан кейин пайдо бўлди. Россия ҳукумати ажиотаж сунъий равишда яратилган деб ҳисоблайди ва Россия Федерациясида шакар захиралари этарли эканини таъкидлайди. Шунингдек, 14 март куни Россия ҳукумати ЕОИИ мамлакатларига дон экспортини (30 июнгача) ва оқ ва қамиш шакарини учинчи мамлакатларга (2022 йил 31 августгача) экспорт қилишни вақтинчалик тақиқлади.
Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитасининг таъкидлашича, Россия ва Украинадан етказиб беришдаги узилишлар республика ички бозорига деярли таъсир кўрсатмайди, чунки шакарнинг атиги 2 фоизи бу икки давлатдан импорт қилинади. Ангрен ва Хоразмдаги қанд заводлари шакар хом ашёсини асосан Бразилиядан сотиб олади.