17 март куни Ўзбекистон Марказий банки «юқори ноаниқлик ва ташқи иқтисодий шароитдаги кескинлик фонида» асосий ставкани йиллик 14 фоиздан 17 фоизга кўтарди –, дейилади банк матбуот релизида.
«Асосий савдо-ҳамкор давлатларда кузатилаётган иқтисодий вазият, уларнинг валюта курсларидаги кескин тебранишлар, жаҳон хомашё ва энергия бозорларида нархларнинг ўсиши макроиқтисодий жиҳатдан ноаниқликлар ва хатарларни оширмоқда», — дейилади Марказий банк хабарида.
Пресс-релизда Россия номи тилга олинмаган, аммо 2021 йил якунларига кўра, айнан у ташқи савдо айланмасининг 17,9 фоизи ёки 7,517 миллиард доллар улуши билан Ўзбекистоннинг 1-ҳамкор давлатига айланган. Иккинчи ўринда 17,7 фоиз (7 440,9 миллиард доллар) улуш билан Хитой, учинчи ўринда 9,3 фоиз (3 910,5 миллиард доллар) улуш билан Қозоғистон туради.
Юқорида санаб ўтилган омиллар ички макроиқтисодий барқарорликка салбий таъсир кўрсатмоқда. Жумладан:
👉 Ўзбекистонга экспорт тушумлари ва пул ўтказмаларининг камайиши ички валюта бозорида таклифнинг қисқаришига олиб келиши мумкин;
👉 истеъмол товарлари импорти нархининг ошиши ички нархларнинг ўсишига таъсир қилади;
👉 ўрта муддатли таъсирлар ташқи ва ички талабнинг қисқаришида намоён бўлади, бу эса иқтисодий ўсиш кўрсаткичларини ёмонлаштиради.
«Жаҳон бозорида асосий озиқ-овқат товарлари ва энергия ресурслари нархларининг сезиларли даражада ўсаётганлиги, ташқи таклифнинг қисқариши ва географик жиҳатдан ўзгариши, истеъмол товарлари импортида логистика билан боғлиқ масалалар йил сўнгига қадар ички нархларга қўшимча босимни юзага келтириш эҳтимоллари ошмоқда», — дея прогноз қилади Марказий банк.
Регулятор ички нархларнинг кескин ошишига йўл қўймаслик, тўлов тизимининг узлуксиз ишлаши ва молиявий барқарорликни таъминлаш учун барча зарур чораларни кўришини таъкидлади. Ҳукумат билан биргаликда қуйидаги чоралар кўрилади:
👉 ички бозорда маҳсулотлар таклифини кўпайтириб бориш,
👉 логистика билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш,
👉 муқобил импорт йўналишлари орқали истеъмол товарларига бўлган талабни қондириш,
👉 юзага келиши мумкин бўлган узулишларни бартараф этиш.
Миллий валюта курси динамикасига келсак:
Ташқи рисклар ва девальвация босими туфайли ўзбек сўми йил бошидан буён АҚШ долларига нисбатан 6,8 фоизга қадрсизланди.
Агар ўтган йилнинг 30 декабрида доллар курси 10 837,66 сўмни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг 18 мартида 11 571,99 сўм этиб белгиланган эди.
Валюта курсининг кескин тебранишларининг олдини олиш мақсадида март ойининг биринчи ярмида Марказий банк ички валюта бозоридаги интервенциялар ҳажмини оширди. Интервенциялар валюта бозоридаги қулай шароитлар натижасида ўтган йили тўпланган қўшимча захиралар ҳисобидан амалга оширилмоқда. Келажакда регулятор бозорда барқарорликни таъминлаш учун аралашувни давом эттиради.
«Бугунги кунда мамлакатда нақд доллар ёки евро тақчиллиги ҳолатлари кузатилмаяпти. Тижорат банклари ички бозорда нақд хорижий валюта етарлилигини таъминлаб келмоқдалар. Мавжуд нақд валюта захиралари ўртача 3-4 ойлик нақд айирбошлаш операцияларига бўлган талабни тўлиқ қондира олади», — деди Марказий банк раҳбари Мамаризо Нурмуратов.
У жисмоний шахлар учун нақд хорижий валютани Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиб кетиш 100 млн. сўм эквивалентидан ошмаган суммада амалга оширилиши мумкинлигини эслатиб ўтди. Юридик шахслар учун нақд хорижий валютани мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетиш таъқиқланган.
«Нақд хорижий валюта билан операцияларни амалга оширишга қўшимча талаблар ёки чекловлар жорий этиш режалаштирилмаган. Ўрта муддатли истиқболда капитал оқимини либераллаштириш, маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, молия бозорларини яхшилаш бўйича ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича ишлар амалга оширилади», — дея қўшимча қилди Нурматов.
Бугунги кунда асосий ставканинг ошиши юзага келаётган қисқа муддатли салбий таъсирларни (шокларни) юмшатишга қаратилган, дея изоҳ берди Марказий банк. Инфляция ва девальвация кутилмалари камайиши ҳамда ички макроиқтисодий шароитларга ташқи босимнинг камайиши муносабати билан уни қисқартириш режалаштирилмоқда. Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 21 апрелга белгиланган.