TikTok компанияларига Ўзбекистонда ваколатхоналар очиш таклиф қилинди

Pixabay.com сайти фотосурати

TikTok Ўзбекистонда йирик лойиҳаларни амалга оширишга тайёр. Бу ҳақда компания вакиллари Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири (АТК) Шерзод Шерматов ва TikTok вице-президенти Тео Бертрам иштирок этган онлайн учрашувда маълум қилди.

Учрашувда вазирлик компанияга Ўзбекистонда ўз ваколатхоналарини очишни таклиф қилди. Шунингдек, республикада платформа фойдаланувчиларининг шахсий маълумотлари хавфсизлигини таъминлаш ва Ўзбекистон қонунчилиги талабларига риоя этиш масалалари муҳокама қилинди.

«Компания вакиллари ҳам Ўзбекистон қонунчилигига зид бўлган материаллар тарқалишининг олдини олиш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирдилар», — дейилади АТК хабарида.

Ўтган йил июль ойида Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси (Ўзкомназорат) «мамлакат фуқароларининг шахсий маълумотларини қайта ишлашда қонунчилик талаблари бузилгани» сабабли TikTokдан фойдаланишни чеклаган эди. Шу билан бирга, Twitter, WeChat, «ВКонтакте» ва Skypeга кириш ҳам чекланди. Кузда «Ўзкомназорат» бошқа ижтимоий тармоқлар, жумладан Telegram, Facebook, Instagram, YouTube ва «Одноклассники»га киришни ёпди.

Кейинроқ маълум бўлишича, мамлакатда ижтимоий тармоқлар блоклангани ҳақида Президент Шавкат Мирзиёевга хабар берилган. Натижада «Ўзкомназорат» раҳбари Ғолибшер Зияев ишдан бўшатилди, кўплаб ижтимоий тармоқлар, жумладан Facebook, YouTube ва Instagram тармоқлари блокдан чиқарилди. Аммо TikTok ва Twitter қора рўйхатда қолди.

Декабрь ойида Маданият вазирлиги россиялик машҳур тиктокерлар иштирокида Тошкентда TikTok Fest тадбирини ўтказишни миллий менталитетга тўғри келмаслиги ҳамда ёшлар онги ва дунёқарашига салбий таъсир кўрсатишини айтиб, тақиқлаган эди. Худди шу ойда фойдаланувчилар беш ойлик блоклашдан сўнг хизматга қисман киришлари ҳақида хабар берилди.

«Миллий тикланиш» демократик партияси ва «Адолат» социал-демократик партияси турли вақтларда TikTokни блоклашга чақириқлар билан чиқишди. Хусусан, «Адолат» ушбу видеосервис «ёшлар онгини заҳарлайди», дея фикр билдирди. Бироқ, мазкур партия аъзоси бўлган Ўзбекистон Адлия вазирлиги раҳбари Русланбек Давлетов маълумотни эркин тарқатиш тарафдори сифатида партиядошларининг таклифини қўллаб-қувватламади.

16 март арафасида Ўзбекистондаги TikTok ва Twitter фойдаланувчилари хизматлар VPNсиз очила бошлагани ҳақида хабар беришди. Расмий равишда улар ҳали ҳам шахсий маълумотлар субъектларининг ҳуқуқларини бузувчилар реестрида.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ