Ўзбекистон Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш зарур деб ҳисоблайди ва ушбу давлатнинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда 17 март куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 24-ялпи мажлисида нутқ сўзлаган Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов маълум қилди, деб ёзади «Газета.uz».
Комилов Украина атрофидаги вазият Ўзбекистонни жиддий ташвишга солаётганини таъкидлади.
«Биз вазиятга тинч йўл билан ечим топиш ва можарони сиёсий дипломатик воситалар ёрдамида ҳал қилиш тарафдоримиз. Лекин бунинг учун биринчи навбатда ҳарбий ҳаракатлар, зўравонликлар зудлик билан тўхтатилиши зарур», — дея маълум қилди Абдулазиз Камилов.
У Ўзбекистон ҳам Россия, ҳам Украина билан ҳар томонлама алоқаларга эга эканини эслатди.
«Биз бу икки давлат билан миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттирамиз. Бир томондан, Россия Ўзбекистоннинг етакчи савдо шериги, биз у билан стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларига эгамиз. Бошқа томондан, биз Украина билан савдо-иқтисодий, маданий-маърифий, қишлоқ хўжалиги каби кўплаб соҳаларда ҳамкорлик қилмоқдамиз», — деди вазир.
Унинг сўзларига кўра, 2021 йили Украина билан товар айирбошлаш ҳажми 704 миллион доллардан ошган, бу ўтган йилга нисбатан 60 фоизга кўпдир. Шунингдек, ўтган йили Тошкент ва Киев ўртасидаги авиақатновлар тикланган, ҳар ҳафтада тўртта рейс амалга оширилган. Жорий йилги ҳамкорлик икки мамлакатда турли тадбирлар режасини ўз ичига олган
Комилов Ўзбекистон Украинага инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишда давом этишини таъкидлади. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина элчиси Николай Дорошенко «Озодлик»ка (Россиядаги хорижий агент сифатида тан олинган «Озодлик» радиосининг ўзбек хизмати) берган интервьюсида Ўзбекистон Украинага 28 тонна инсонпарварлик ёрдами – дори-дармон ва бошқа кўплаб нарсаларни жўнатганини айтган эди.
«Ўзбекистон Республикаси Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади. Биз Луганск ва Донецк халқ республикаларини тан олмадик», — деди Ташқи ишлар вазири.
25 февраль — Россия ҳарбийларининг Украина ҳудудидаги операциясининг иккинчи кунида Ўзбекистон ва Россия президентлари ўртасидаги телефон мулоқоти ҳақида хабар бериб, Кремль «Шавкат Мирзиёев Россия томони томонидан [ Украина ҳудудида] амалга оширилган ҳаракатларни тушунишини билдирди.
Эртаси куни Ўзбекистон раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов «Ўзбекистон бу масалада мутаносиб, бетараф позицияни эгаллаши»га ойдинлик киритиб, «барча пайдо бўладиган низо ва келишмовчиликлар фақат халқаро ҳуқуқ асосида ҳал этилиши керак» лигини маълум қилди.
Кейинроқ Мирзиёев ҳам, Комилов ҳам Украина ҳудудида вазиятнинг янада кескинлашишига йўл қўймаслик, муаммоларни сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал қилиш зарурлигини таъкидладилар.