1 апрелдан Ўзбекистон пенсионерлари Президентнинг «Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган қатор имтиёзлардан фойдаланишлари мумкин.
Ўзбекистон фахрийларининг жамоат фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси маблағлари ҳисобидан:
👉 Жамғарма маблағлари ҳисобидан ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳар йили бир маротаба санаторийларда бепул соғломлаштирилади;
👉 Жамғарма маблағлари ҳисобидан шароити оғир ва кам таъминланган кексаларга шифокорларнинг рецептларига асосан 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситалари, тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламалари олиб берилади ҳамда жарроҳлик амалиётларининг харажатлари қопланади;
👉 Жамғарма маблағлари ҳисобидан оғир ташхисли касалликлари ҳамда ногиронлиги бўлган кексаларга шифокорларнинг рецептларига мувофиқ, 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситаларининг 50 фоизигача бўлган суммаси компенсация қилинади.
👉 Жамғарма маблағлари ҳисобидан кексаларнинг жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги муассасаларда (стадион, спорт заллари, бассейн ва бошқа спорт мажмуалари) жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун абонемент харажатлари қопланади. Бунда, абонемент харажатларининг бир ойлик суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан ошмаган ҳолда спорт йўналишидаги муассасаларнинг ҳисоб рақамига ўтказиб борилади;
👉Жамғарма маблағлари ҳисобидан давлат театрлари ва музейларига кексалар учун чипта нархлари тўлиқ қоплаб берилади.
2022 йилда Жамғарма маблағларининг амалда ўзлаштирилишига қараб Давлат бюджетидан 50 миллиард сўм ажратилади.
1 майдан бошлаб ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг Саll-марказига мурожаат қилиб, қуйидаги хизматлардан фойдаланишлари мумкин бўлади:
➡️ оилавий шифокорлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар шифокорларининг кўригига ёздириш, уларни уйга кўрикдан ўтишга чақириш;
➡️ Жамғарма томонидан ташкил этиладиган профилактик, тиббий даволанишлар ва сайёҳлик сафарлари бўйича маълумотлар олиш;
➡️ маданий ҳордиқ чиқариш мақсадида кинотеатрлар, театрлар, музейлар ва бошқа маданий тадбирлар тўғрисида тўлиқ маълумотлар олиш;
➡️ жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги муассасалар (стадион, спорт заллари, бассейн ва бошқа спорт мажмуалари) тўғрисида маълумотлар олиш;
➡️ Жамғарма томонидан ташкил этиладиган профилактик, тиббий даволанишлар ва сайёҳлик сафарлари бўйича маълумотлар олиш;
➡️ Жамғарма томонидан кўрсатиладиган хизматлар доирасида дори воситалари, протез-ортопедия мосламалари ва кресло-аравачаларни уйга етказиб бериш;
➡️ шифокорлар рецептларига асосан ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга уларнинг маблағлари ҳисобига дори воситаларини олиб келиш ҳамда оилавий шифокорлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг шифокори кўригидан сўнг тиббий кўрик маълумотларини етказиш;
➡️ кутубхоналарга аъзо бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун китоблар, журналлар, газеталар ва бошқа нашрларни етказиш.
Иш берувчиларга ходимнинг пенсия ёшига етганлиги муносабати билан у билан тузилган меҳнат шартномасини ўз ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланади.
Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлигига кекса авлод вакиллари ва кексалар билан ишлашни такомиллаштириш топширилди. Хусусан, маҳаллаларда «Бир нуроний ўн ёшга масъул» тамойилини ҳаётга татбиқ этишда ташаббус кўрсатаётган ижтимоий фаол фуқароларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаши зарур.
Вазирлик «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин» шиори остида ижтимоий ҳимояга муҳтож кекса фуқароларни доимий равишда бориб кўриш тизимини йўлга қўйиши, шунингдек, уларга ижтимоий ҳимоя дастурлари доирасида давлат хизматларини кўрсатишини таъминлаши лозим.
Келгусида маҳаллаларда ҳурмат-эҳтиром кўрсатилаётган кексаларни «ишсиз, ўқиши қийин, муаммоли ёшлар»га бириктириш, уларнинг камол топишига кўмаклашиш режалаштирилган.
Маҳаллаларда фаолият юритувчи «Кексалар маслаҳати»га аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат, ўқувчиларнинг ўқиши ва давомати, бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан фуқароларнинг бандлик даражаси ва бошқа тиббий хизматлар кўрсатилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш топширилади.
Оқсоқоллар кенгаши маҳаллада доимий фаолият юритувчи маслаҳат органи мақомидаги жамоат ташкилоти ҳисобланади. У 2020 йилда ташкил топган. Кенгашнинг асосий вазифалари: кексалар ва кекса фуқароларни қўллаб-қувватловчи қонун ҳужжатларини таъминлашга кўмаклашиш, ёлғиз пенсионерлар ва ногиронлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишда иштирок этиш, кексаларга тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва ҳ.к. Кенгаш зиммасига кекса фуқароларга мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тушунтириш, улар учун туристик саёҳатлар, жумладан, муқаддас қадамжоларга (зиёрат туризми) саёҳатлар ташкил этиш функциялари ҳам юкланган.
Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йил август ҳолатига кўра республикада 4 миллион киши пенсия ва нафақа олади.



