Тверда жойлашган «Вертикал-Т» авиакомпанияси Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати ихтиёрида бўлган Россияда ишлаб чиқарилган вертолётларни таъмирлашга тайёр. Бу ҳақда компания бош директори Владимир Скурихин Кобулда бўлиб ўтган толиблар ҳукумати раҳбарининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Кабир билан учрашув чоғида маълум қилди, дея хабар беради радикал ҳаракатнинг расмий вакили Иномуллоҳ Самангоний Twitterдаги саҳифасида.
«Абдул Кабир Сепидар саройида «Вертиcал-Т» компанияси бош директори Владимир Скурихин ва вертолётларни таъмирлаш компанияси бошқаруви раиси Александр Калачев билан учрашди», — дейилади хабарда.
Самангоний сўзларига кўра, Скурихин ва Калачев толибларни «Афғонистонда Россияда ишлаб чиқарилган вертолётларни таъмирлаш, эҳтиёт қисмлар етказиб бериш ва техник ходимларни ўқитиш бўйича ҳамкорлик қилишга» тайёр эканликларига ишонтиришган.
Ўз навбатида Абдул Кабир ҳозирда Афғонистонда «хавфсизлик таъминлангани ва хорижий сармоя учун қулай шарт-шароитлар ҳар қачонгидан ҳам яхшироқ яратилганини» таъкидлаган.
«Вертикал-Т» ҳар хил турдаги вертолётларни ишлатишга ихтисослашган. Компания Тверь вилоятидаги Змеево аэродромида жойлашган. У авваллари Афғонистонда иш юритган.
Таъкидлаш жоиз, ҳозирда «Толибон» қуролли кучларида Россиянинг Ми-17 транспорт вертолётлари мавжуд. Бу ҳарбий техникалар ўтган йилнинг август ойида америкапараст ҳукумат ағдарилганидан кейин радикаллар қўлига йўл ўтди. Вертолётларнинг бир қисми аллақачон «Толибон» ҳарбийлари томонидан ишлатилмоқда, бошқалари эса таъмирга муҳтож.
Толиблар бир неча бор ўзларининг устувор йўналишларидан бири ҳарбий ҳаво кучларини (ҲҲК) ташкил этиш эканлигини таъкидлаганлар.
Аввалги ҳукумат қулагандан сўнг, «Толибон» 80 та самолёт ва вертолётга эга бўлди. Радикал ҳаракат собиқ ҳукумат ҳарбий учувчиларига бир неча бор мурожаат қилиб, ватанга қайтишларини сўраган. Февраль ойида толиблар беш нафар қочоқ ҳарбий учувчи Афғонистонга қайтганини эълон қилди. Ўтган йил август ойида Ҳарбий ҳаво кучларининг юзлаб ҳарбий хизматчилари самолёт ва вертолётларда Ўзбекистон ва Тожикистонга қочиб ўтишган.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).