2021 йили Ўзбекистонда солиқ органлари томонидан 127,9 триллион сўм (тахминан 12 миллиард доллар) ундирилди, бу ўтган йилга нисбатан 24,3 триллионга ёки 23,5 фоизга кўпдир. Бу ҳақда Молия вазирлигининг ўтган йилги Давлат бюджети даромадлари ижросининг дастлабки якунлари тўғрисидаги ҳисоботида сўз юритилади.
Божхона органларидан тушумлар 33,2 триллион сўмни (3 миллиард доллар) ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 8,5 триллион сўмга ёки 34,5 фоизга ўсган.
Иқтисодий ўсиш билан бир қаторда бюджетга тушумларнинг ўсишига қуйидаги омиллар таъсир кўрсатган:
👉 қимматбаҳо металларга юқори жаҳон нархларининг сақлаб қолиниши,
👉 карантин чекловларининг юмшатилиши,
👉 солиқ назорати ва маъмуриятчилигининг янги воситалари жорий этилиши;
👉 бож тўланадиган импорт ҳажми ва валюта курсининг ошиши;
👉 божхона тартиб-таомилларини соддалаштирилиши, товарларни эркин муомалага чиқаришни жадаллаштириш ва божхона маъмуриятчилигининг янги усулларини жорий этиш чора-тадбирлари.
2021 йили эгри солиқлар бўйича тушумлар 9,9 триллион сўмга (21,2 фоиз) ўсиб, 56,3 триллион (5,1 миллиард доллар)ни ташкил қилган.
Давлат ғазнасига даромад солиғидан 38,4 триллион сўм (3,5 миллиард доллар), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан (ЖШДС) 18,9 триллион сўмни (1,7 миллиард доллар) келиб тушган.
2021 йил ноябрь ойи якуни бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчиларининг сони 4685,9 минг нафарни ташкил этган, шундан 42,6 фоизи бюджет ташкилотлари ходимлари, 57,4 фоизи нобюджет ташкилотлари ҳисобланади. Солиқ тўловчилар умумий сонининг қарийб 43 фоизини аёллар ташкил этади.
✅ солиқ тўловчилар умумий сонининг 34,5 фоизи
✅ 1 миллион сўмгача (91,7 АҚШ доллари) иш ҳақи олади,
✅ 1 миллион сўмдан 2 миллион сўмгача (183 доллар) — 24,1%,
✅ 2 миллион сўмдан 4 миллион сўмгача (367 доллар) — 24,7%,
✅ 4 млн сўмдан ва ундан юқори — 16,7%.
Шу билан бирга, 1 миллион сўмгача ва 2 миллион сўмгача пул олаётганлар улушининг камайиши кузатилган – 2020 йилда улар мос равишда 40 фоиз ва 27,1 фоизни ташкил этган.
ЖШСД тушумлари ўсишининг асосий омиллари қуйидагилар иборат бўлган:
👉 иқтисодий фаолиятни қайта тиклаш,
👉 давлат секторида энг кам иш ҳақини 2020 йилга нисбатан ўртача 12,8 фоизга ошириш,
👉 2020 йили вақтинча тўхтатилган бюджет ташкилотларида 2021 йил бошидан моддий рағбатлантириш тўловларини қисман тиклаш;
👉 хусусий секторда сон ва иш ҳақи фондини қонунийлаштириш.
2021 йили Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 734,588 триллион сўм ёки 68 миллиард долларни ташкил қилди.
2020 йилга нисбатан (602,551 триллион сўм ёки қарийб 56 миллиард доллар) ўсиш 132,037 триллион сўмни ёки 12,2 миллиард доллардан ортиқни ташкил этган.