Туркия Қозоғистон, Озарбайжон ва Грузиянинг Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш ташаббусига қўшилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон ҳукумати матбуот хизматига таяниб, Tengrinews.kz хабар берди.
9-10 март кунлари Қозоғистон Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлиги, Озарбайжон Рақамли ривожланиш ва транспорт вазирлиги ҳамда Грузия Иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазирлиги вакиллари ўртасида бўлиб ўтган музокараларда мазкур йўналишни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Хабар қилинишича, томонлар тарифларни белгилаш, декларациялаш, ягона IТ-ечимларни қўллаш ва транзит юкларни бирлаштириш масалаларини ҳал қилиш учун мўлжалланган ягона логистика компаниясини яратишга келишиб олдилар.
Туркия ушбу қўшма компания яратишда иштирок этиш ниятидами ёки йўқми, Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати бунга аниқлик киритмади.
Транскаспий халқаро транспорт йўналиши (ТХТЙ) Хитой, Қозоғистон, Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия ва ундан кейин Европа мамлакатларига ўтади. Йўналиш бўйлаб, Қозоғистон томонининг маълумотларига кўра, йилига 10 миллион тоннагача юк, жумладан, 200 минг контейнергача юк ташиш мумкин.
Қозоғистоннинг Озарбайжондаги элчиси Амангелди Жумабаев аввали таъкидлаганидек, бугунги кунда Европа давлатлари билан Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 600 миллиард долларни ташкил этади ва бу юкларнинг асосий қисми денгиз орқали ташилади. Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ орқали юк ташишни назарда тутувчи «Ипак йўли» лойиҳаси (транс-Каспий халқаро транспорт йўналиши деб аталади) юкларни транзит қилиш вақтини икки бараварга қисқартиради – 12-15 кунгача, дея элчининг сўзларидан иқтибос келтиради Trend агентлиги.