4 февралдан 14 мартга қадар Тошкент автомактабларининг 2406 нафар битирувчисидан атиги 347 нафари (14,4 фоизи) ҳайдовчилик гувоҳномаси имтиҳонларини топшира олди. Бу ҳақда пойтахтдаги бўлажак ҳайдовчилар учун биринчи ва ҳозирча ягона Тошкент имтиҳон маркази (ТИМ) эгаси Комил Алламжонов маълум қилди.
Алламжоновнинг айтишича, «аввалги шартларга кўра, уларнинг барчаси [имтиҳонлардан ўта олмаган 2059 нафари] ҳайдовчилик гувоҳномасини олган бўларди. Унинг сўзларига кўра, у пайтлар марказ ходимларига гувоҳномалар берилиши учун 100 доллардан 500 долларгача пора таклиф этилган.
4 февралдан бошлаб Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳайдовчилик гувоҳномаси имтиҳонларини қабул қилишни тўхтатди ва бу функцияларни хусусий имтиҳон марказларига топширди. Шу куни Тошкент шаҳрининг Сергели туманида жойлашган Ўзбекистондаги биринчи имтиҳон маркази ишга тушди. Бу ерда А, Б, C, Д, БE, CE ва ДE тоифаларидаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўйича имтиҳонлар ўтказилади.
Имтиҳонларни топшириш нархи 100 000 сўм (9 доллар). Тест синовларидан муваффақиятли ўтганларга сертификат берилади, унинг асосида Давлат Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекцияси ёки давлат хизматлари марказларида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш мумкин.
Имтиҳонларни топширолмаган шахс бир ҳафтадан кечиктирмасдан қайта топшириши мумкин.
Бундан аввал. президент Шавкат Мирзиёев ҳайдовчилар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, ўқимасдан гувоҳнома берганлик учун жазони кучайтиришни талаб қилган эди. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топшириш учун имтиҳон марказлари очилиши кутилмоқда.
2021 йили Ўзбекистонда 7,7 миллионта йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолати қайд этилган. Жумладан, 95 минг ҳайдовчининг ҳар бири бешдан ортиқ, 9 минг нафари йигирматадан, 700 нафари элликдан ортиқ ва 18 нафари юздан ортиқ йўл ҳаракати қоидаларини бузган. Президент йўл ҳаракати қоидаларини бузган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлашни талаб қилиб, автомобилни тартибсиз бошқариб, бошқа ҳайдовчиларга халақит қилганлик учун алоҳида йўл безорилиги деган янги жавобгарлик тури киритилишини маълум қилди.