Мирзиёев Uzbekistan Airwaysдан авиачипталар нархини оширмасликни талаб қилди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси (Uzbekistan Airways) авиачипталар нархининг ошишига йўл қўймаслиги керак. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 14 март куни иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, давлат корхоналарини трансформация қилиш масалалари бўйича

йиғилишда айтиб ўтди.

Мажлисда авиакомпаниялар эркин рақобат шароитида ишлашга замонавий ёндашувларни жорий этиш зарурлигини таъкидланди. «Транзит йўловчилар оқимини ошириш, чартер парвозларга рухсат бериш тизимини соддалаштириш, маҳаллий аэропортларни минтақавий транзит хабига айлантириш чоралари белгиланди», — дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Мирзиёев 25 та давлат корхонасида операцион самарадорликни оширишда сусткашликка йўл қўйилганини таъкидлади.

Президент замонавий талабларга жавоб бермайдиган, зарар кўрган корхоналар давлат томонидан қўллаб-қувватланишдан бутунлай маҳрум бўлишидан огоҳлантирди.

Ҳокимлар ва тармоқ раҳбарларига иқтисодий асосланмаган лойиҳаларнинг илгари сурилишига йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди. Мутасадди идораларга ижтимоий-иқтисодий дастурлар ижроси устидан назоратни кучайтириш, инвестиция лойиҳаларининг бозор иқтисодиёти талабига жавоб беришини ўрганиш вазифаси қўйилди.

Экспорт масалаларини муҳокама қилиш чоғида Президент ташқи бозордаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда транспорт-логистика масалаларини тезкорлик билан ҳал этиш, экспорт географиясини кенгайтириш ва маҳсулотларни янги бозорларга етказиб беришни талаб қилди.

Аввалроқ Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи асосчиси ва раҳбари Зафар Ҳошимов ҳукуматга бозорлар, экспорт ва импорт турларини диверсификация қилишни, ЖСТга аъзо бўлишни имкон қадар тезлаштиришни ва барча давлатлар билан эркин савдо шартномалари тузишни тавсия қилган эди. Унинг таклифлари орасида Ўзбекистонга ва Ўзбекистондан олиб келувчи логистика йўналишларини диверсификация қилиш, ҳаво флотини кўпайтириш, фуқаро авиациясида парвозлар ва йўналишлар сонини, жумладан, авиаташувлар бозорини либераллаштириш ҳисобига ва бошқалар ўрин олганди.

2022 йилнинг дастлабки икки ойида Ўзбекистонда товар ва хизматлар экспорти ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоизга ўсиб, 1,7 миллиард доллардан ошди. Жумладан, қурилиш материаллари экспорти қарийб 2 баробар, электротехника маҳсулотлари 1,5 баробар, тўқимачилик ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти 1,3 баробар ошди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ