Мирзиёев Германия президенти Штайнмайер билан Украина атрофидаги вазиятни муҳокама қилди

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 март куни Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан телефон орқали мулоқот қилди.

Улар икки томонлама ҳамкорлик ва Украина атрофидаги вазиятни муҳокама қилдилар.

«Вазиятнинг янада кескин тус олишига йўл қўймаслик ва можарони тез фурсатда тартибга солиш учун сиёсий-дипломатик саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарурлиги таъкидланди», — дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Икки давлат раҳбарлари мунтазам сиёсий мулоқот ва турли даражадаги фаол алоқаларни янада давом эттириш лозимлигини қайд этдилар. Шунингдек, савдо, сармоя, юқори технологиялар, саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда етакчи компания ва банклар билан қўшма ҳамкорлик лойиҳаларини илгари суриш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистонда биринчи навбатда немис тилини чуқур ўрганиш соҳасида молиявий-техник ёрдам ва маданий-гуманитар алмашинув дастурини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Бундан олдин Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Украинадаги зўравонликларга чек қўйиш ва барча муаммолар сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал этилиши тарафдори эканини айтган эди.

25 февраль — Россия ҳарбийларининг Украина ҳудудидаги операциясининг иккинчи кунида Ўзбекистон ва Россия президентлари ўртасидаги телефон мулоқоти ҳақида хабар бериб, Кремль «Шавкат Мирзиёев Россия томони томонидан [ Украина ҳудудида] амалга оширилган ҳаракатларни тушунишини билдирди. Эртаси куни Ўзбекистон раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов «Ўзбекистон бу масалада мувозанатли, нейтрал позицияни эгаллайди», деб таъкидлади.

«Барча низо ва келишмовчиликлар фақат халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал этилиши керак», — деди давлат раҳбари матбуот котиби.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ