Ўзбекистонда IТ-визалар, IТ-компаниялар учун имтиёзлар ва преференциялар, соҳа мутахассисларининг бошқа жойга кўчишида ёрдам берувчи маълумотлар тақдим қилувчи Itvisa.uz веб-сайти ишга туширилди.
Ушбу мавзу Россия Федерациясининг Украина ҳудудида ҳарбий амалиётлари бошланганидан сўнг долзарб масала бўлиб қолди, зеро бу ҳолат мамлакат аҳолисининг четга чиқиб кетишига олиб келди, улар орасида эса кўплаб IТ мутахассислари бор. Уларнинг бир қисми Ўзбекистонга келди ёки келишга отланган.
IТ визаси — уч йил муддатга бериладиган кўп марталик визадир. Унинг амал қилиш муддати Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига чиқмасдан туриб маълум бир муддатга узайтирилиши мумкин.
IТ-мутахассислари, инвесторлар, IT Park таъсисчилари IТ визасини олишлари мумкин. Уларнинг оила аъзолари учун ташриф визаси тақдим этилади.
IT визаси қуйидаги имкониятларни тақдим этади:
👉 Ўзбекистон фуқаролари учун кўзда тутилган шартларда таълим ва тиббий хизматларини олиш;
👉 қайта рўйхатдан ўтиш мажбуриятисиз мамлакатнинг исталган ҳудудида бўлиш;
👉 яшаш учун рухсатномани соддалаштирилган тартибда олиш.
Шунингдек, сайтда Ўзбекистонда қандай қилиб уй-жой топиш ва ижара шартномасини тузиш, маҳаллий СИМ-картани олиш, солиқ органларида рўйхатдан ўтиш ва ҳоказолар ҳақида маълумот олиш мумкин. Бу ерда IТ визаси ва IТ парк резиденти мақомига эга бўлиш учун ҳам мурожаат қилиш мумкин.
Бундан аввал IТ-парк Тошкентга хорижий IТ-компаниялар ва соҳа мутахассисларини жалб қилиш бўйича махсус дастур ишга туширилгани ҳақида хабар берган эди. Уларга оилалари билан бирга тезроқ кўчиб ўтишлари учун ёрдам ваъда қилинган. Бепул хизмат пакетига қуйидагилар киради:
👉 виза бўйича ёрдам кўрсатиш (керак бўлса);
👉 аэропорт трансферлари ва транспорт;
👉 давлат ва хусусий компаниялар билан учрашувлар ташкил этиш;
👉 барча қулайликларга эга шинам турар жой танлаш;
👉 йирик ИТ-компанияларга ишга жойлашишда ёрдам бериш ёки истиқболли ИТ-лойиҳаларда иштирок этишга таклифнома;
👉 боғча ва мактаб ўқувчилари учун танлов;
👉 Ўзбекистоннинг тарихий ва диққатга сазовор жойларига оилавий саёҳатлар ташкил этиш;
👉 ориентация дастури ва Ўзбекистонда мослашишда ёрдам бериш.
Spot нашрига кўра, айрим йирик хорижий IТ-компаниялар аллақачон Ўзбекистонда ўз ваколатхоналарини очган. Уларда 5 мингдан ортиқ мутахассис ишлайди, 2023 йил охирига келиб бу кўрсаткич 10 мингга етиши лозим. Уларнинг шарофати билан IТ-экспорт ҳажми 100 миллион долларга етиши кутилмоқда. Декабрь ойи охирида Ахборот ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги раҳбари Шерзод Шерматов IТ соҳаси олдига дастурий маҳсулотлар ва хизматлар экспортини 1 миллиард АҚШ долларига етказиш вазифаси қўйилганини айтди.
«Ўртача 2000 АҚШ доллари иш ҳақига эга бўлган битта экспортга ишлайдиган ходим йилига 24 минг доллар миқдорида экспорт даромади келтиради. Агар бундай ходимлар сони 40 мингдан ошса, уларнинг иш ҳақи ҳисобига мамлакатимизга 1 млрд миқдорида экспорт маблағи тушади», — дейди Шерматов.