Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ва Ўзбекистон илк бор 20 миллион долларлик валюта айирбошлаш битимини туздилар.Бу Ўзбекистонга хорижий валютада қарз олиш билан боғлиқ валюта рискларини ҳимоя қилишга ёрдам берадиган биринчи шундай битимдир, дея хабар беради ЕТТБ матбуот хизмати.
Транзакциялар свопи — молиявий рискларни бошқариш учун ишлатиладиган молиявий воситадир. Валюта свопи — бу валютадаги қарзни валюта рискидан ҳимоя қилиш учун қўлланиладиган своп турларидан бири ҳисобланади.
ЕТТБнинг Ўзбекистондаги раҳбари Алкис Дракинос ушбу битим «Ўзбекистонда маҳаллий валюта бозорини ривожлантиришдаги муҳим босқич» эканини таъкидлади. «Бу валюта рискларини бошқаришни ҳам, мамлакат реал секторини миллий валютада кредитлашни ҳам осонлаштиради. Бу, айниқса, Марказий Осиё ва ундан ташқаридаги беқарорлик даврида жуда муҳимдир», — деди у.
Битимни амалга ошириш учун Молия вазирлиги бош келишув — Халқаро айирбошлаш ва деривативлар ассоциацияси (ISDA) доирасида халқаро юридик фирмадан ижобий ҳуқуқий хулоса олди.
Ҳозирда Молия вазирлиги ЕТТБ билан биргаликда деривативлар ва РEПО операциялари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини яратиш лойиҳаси устида ишламоқда. Бундан ташқари, ТCХ фонди хорижда ўзбек валюта бозорини шакллантириш, тегишли воситаларни қўллаш бўйича тажриба орттириш ва мамлакатда молиявий саводхонликни ривожлантиришга ҳисса қўшишга тайёрлигини билдирди.
2021 йили Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2,9 миллиард долларга ошиб, 26,3 миллиард долларни ташкил этди.Ташқи кредитнинг асосий қисми ҳамон бюджетни қўллаб-қувватлашга йўналтирилмоқда. Йил давомида давлат қарзининг валюта таркибидаги доллар улуши қарийб 72 фоизгача ошди.