Ўзбекистонда хомашё олиб келиб, божхона ҳудудида қайта ишлаб, экспорт қиладиган корхоналарга, апрелдан бошлаб бир қатор имтиёз ва енгилликлар берилади. Бу ҳақда 11 март куни Президент Шавкат Мирзиёев саноат кооперациясини янада кенгайтириш ва маҳаллийлаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.
Жумладан, маҳсулотларнинг лойиҳалари учун техник-иқтисодий асос, маҳсулот сертификати, божхона тўловлари таъминоти талаб этилмайди, уларга рухсатнома бериш муддати 3 баробар қисқаради, олиб келинган дастгоҳлар учун божхона божлари ундирилмайди.
Президент Cotton Campaign халқаро коалиция томонидан ўзбек пахтасига жорий этилган бойкотнинг бекор қилинишини олқишлади ва бу Ўзбекистон учун янги имкониятлар ва янги бозорлар очаётганини таъкидлади.
Президент янги бозорларга чиқиш учун турли тармоқларга халқаро стандартларни кенг жорий этиш бўйича кўрсатмалар берди. 2019-2021-йиллари халқаро сертификатлар олиш натижасида 2 мингта тўқимачилик корхонаси экспорт ҳажмини бир ярим баробарга оширди, деди Мирзиёев.
Мажлисда «Ўзстандарт» агентлигига халқаро сертификатга эга корхоналарни бошқа тармоқларда ҳам кўпайтириш, ҳудудлардаги «Лойиҳа офислари» ҳузурида Халқаро стандартларни ўргатиш марказларини ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Инновацион ривожланиш вазирлигига ҳудудлардаги корхоналарни замон талабига уйғунлаштириш, маҳсулот сифатини оширишга кўмаклашиш бўйича вазифалар юклатилди. Йиғилишда фармацевтика саноатида мавжуд қувватларни тўлиқ ишга тушириш ва импорт ўрнини босиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Президент йирик корхоналар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида маҳсулот турлари бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. Муваффақиятли мисол сифатида у Навоий кон-металлургия комбинати томонидан импорт қилинадиган товарлар ва уларга қўйиладиган техник талаблар ҳақидаги маълумотларни ҳамкорлик порталига жойлаштириш тўғрисидаги қарорини келтирди. Натижада 18 та маҳаллий корхонада аввал хориждан олиб келинган 600 миллиард сўмлик (55,5 минг доллар) маҳсулот ишлаб чиқарила бошланди. Мирзиёев бу тажрибани барча соҳа ва ҳудудларга жорий этиш бўйича топшириқ берди.
Яқин келажакда саноат ярмаркаларини ўтказиш тартиби ўзгартирилади. Иштирокчилар тайёр маҳсулотлар учун харидорларни топишдан ташқари, маҳаллийлаштириш учун тавсия этилган товарларни ташкил этиш бўйича бизнес-режаларни ишлаб чиқишлари мумкин бўлади. Тадбиркорлар ярмарка доирасида маҳсулот етказиб бериш бўйича шартномалар тузиш, банклар билан молиялаштириш бўйича музокаралар олиб бориш имкониятига эга бўладилар. Шу мақсадда «Ўзэкспомарказ»да доимий фаолият юритувчи саноат кўргазмаси, вилоят марказлари ва саноат зоналарида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг кўргазма заллари ташкил этилади.
Ушбу йиғилишда Мирзиёев маҳсулотларни маҳаллийлаштириш бўйича режаларни издан чиқаргани учун бир қатор давлат корхоналари раҳбарларига танбеҳ берди.
2022 йили ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини кенгайтириш дастурига мувофиқ, 2455 та лойиҳа доирасида қарийб 37 триллион сўмлик (3,4 миллиард доллар) янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.