Ўзбекистон Украинадаги зўравонликка чек қўйиш, барча муаммолар сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал этилиши тарафдори. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Анталиядаги форумда Anews нашри журналистининг Россия Федерациясининг Украинадаги ҳарбий амалиётига доир саволига жавоб берар экан, айтиб ўтди.
«Биз жуда хавотирдамиз, бу ҳақда кўп гапиришимиз мумкин. Аммо, дунёнинг кўплаб одамлари каби, биз зўравонлик тўхтатилишини ва барча муаммолар сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал этилишини истаймиз», — деди Ўзбекистон ТИВ раҳбари.
The Republic of Uzbekistan's minister of foreign affairs, Abdulaziz Kamilov, spoke to Anews in Antalya at the diplomacy forum where he said that his country has very high-level relations with Turkey. pic.twitter.com/ftM6wpCf7H
— ANews (@anews) March 12, 2022
Комилов II Дипломатик форум ишида иштирок этиш учун Анталияга келди. «Янги Осиё: барқарор минтақавий ўсиш учун» давра суҳбатида сўзга чиққан вазир халқаро ва минтақавий миқёсда кузатилаётган сиёсий ва дипломатик тенденцияларга эътибор қаратди.
Комилов фақат оқилона муросага асосланган дипломатия барча томонлар манфаатларини бирдек қондириши мумкинлигини таъкидлади.
«Афғонистон: янги воқеликларга қандай муносабатда бўлиш керак?» панел сессиясида сўзга чиққан Вазир қўшни Афғонистонда узоқ муддатли ва барқарор тинчлик ўрнатиш, афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўърсатиш, гуманитар инқирознинг олдини олиш мақсадида Афғонистонда йирик инфратузилма лойиҳалари амалга ошириш борасидаги Ўзбекистон саъй-ҳаракатлари ҳақида форум иштирокчиларига маълумот берди.
25 февраль — Россия ҳарбийларининг Украина ҳудудидаги операциясининг иккинчи кунида Ўзбекистон ва Россия президентлари ўртасидаги телефон мулоқоти ҳақида хабар бериб, Кремль «Шавкат Мирзиёев Россия томони томонидан [ Украина ҳудудида] амалга оширилган ҳаракатларни тушунишини билдирди. Эртаси куни Ўзбекистон раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов «Ўзбекистон бу масалада мувозанатли, нейтрал позицияни эгаллайди», деб таъкидлади.
«Барча низо ва келишмовчиликлар фақат халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал этилиши керак», — деди давлат раҳбари матбуот котиби.