Uzbekistan Airways Россиянинг тўртта шаҳрига парвозлар сонини оширди ва учувчиларни ишга олишини эълон қилди

Uzbekistan Airways матбуот хизмати видеоролигидан кадр

Uzbekistan Airways Тошкентдан Қозон, Новосибирск, Санкт-Петербург ва Владивостокга қўшимча рейсларни йўлга қўйди ва бу қарорни йўловчилар ўртасида талаб ортиб бораётгани билан изоҳлади.

Қуйидаги йўналишлар бўйича қўшимча рейслар амалга оширилади:

✈️ Тошкент — Қозон — Тошкент — 13, 16, 20 ва 23 март,

✈️ Тошкент — Новосибирск — Тошкент — 15 ва 22 март,

✈️ Тошкент — Санкт-Петербург — Тошкент — 16 ва 23 март,

✈️ Тошкент — Владивосток — Тошкент — 19 ва 26 март.

Урганч – Санкт-Петербург – Урганч йўналишида ҳам қўшимча рейслар жорий этилди, улар 17, 20 ва 23 март кунлари амалга оширилади.

Шу билан бирга, Uzbekistan Airways А320/321 самолётининг иккинчи учувчиси лавозимига ишга қабул қилишни эълон қилди. Номзодлардан фуқаролик авиациясининг амалдаги учувчиси гувоҳномаси, амалдаги тиббий гувоҳнома, ICAO 4 шкаласи ва ундан юқори бўлган инглиз тили даражаси ва учиш учун рухсатнома бўлиши талаб қилинади. Парвоз ишларидаги танаффус икки ойдан ошмаслиги керак.

Ўзбекистон 2021 йил 1 апрелдан Россия билан мунтазам авиақатновларни тиклади. Транспорт вазирлиги маълумотларига кўра, пандемияга қадар Uzbekistan Airways Ўзбекистон вилоятларидан Россияга ҳафтасига 87 та, Россия авиакомпаниялари эса Ўзбекистон шаҳарларига ҳафтасига 97 та рейсни амалга оширган.

Бироқ, Россия Федерациясининг Украина ҳудудидаги ҳарбий амалиёти натижасида Россияга қарши халқаро санкциялар киритилгандан сўнг, Россиянинг айрим авиакомпаниялари халқаро парвозларни тўхтатди. Улар орасида Ўзбекистон шаҳарларига парвоз қилувчи Аерофлот, S7 Airlines ва Smartavia компаниялари бор. Шу муносабат билан Uzbekistan Airways қўшимча рейсларни жорий қила бошлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ