Жанубий Кореянинг POSCO International компанияси Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятида пахта кластерини яратади. Бу ҳақда компания президенти Жу Си Бо 8 март куни Инчхон шаҳрида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Базаров билан келишув имзолади, деб хабар бермоқда Business Korea.
Кластер 5 минг гектар майдонни эгаллайди, 2025 йилгача экин майдонларини 35 минг гектаргача кенгайтириш режалаштирилган.
Фарғона вилояти ҳокимлигининг маълум қилишича, вилоятда 1996 йилдан буён фаолият юритиб келаётган Posco International Textile корхонаси кластер асосини ташкил этади. Корпорация Ёзёвон туманида пахта кластерини ташкил этиш доирасида уни модернизация қилади ва пахта етиштиришдан тортиб Корея бозори талабларига жавоб берадиган тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган бутун жараённи қамраб олувчи ишлаб чиқариш занжирини яратади. Синтетик толалардан аралаш газламалар ишлаб чиқарувчи корхона ҳам яратилади.
Компания раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда Фарғона вилоятида экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ва қайта ишлаш, мева-сабзавот маҳсулотларини Корея бозорига экспорт қилиш, Фарғонада барпо этилаётган «Эко-шаҳар» мажмуасида иштирок этиш каби масалалар ҳам муҳокама қилинди.
«Корея томони ушбу тақдим қилинган лойиҳалар доирасида ҳамкорликда ишлашга тайёрлигини маълум қилди. Бу келишувлардан келиб чиқиб, Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда Posco International ўртасида қиймати 65 миллион доллар бўлган ҳамкорлик меморандуми имзоланди», — дейилади ҳокимлик матбуот хизмати хабарида.
POSCO International 1967 йилда Daewoo Corporation номи билан иш бошлаган. 2010 йилда у POSCO Group таркибига киради, тўққиз йилдан сўнг унинг номи ўзгартирилди. Компания савдо, ресурсларни ривожлантириш, инфратузилмани ривожлантириш ва эксплуатация қилиш билан шуғулланади. POSCO дунёнинг 45 мамлакатида фаолият юритади ва 9,3 мингдан ортиқ ходимга эга.
«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси маълумотларига кўра, POSCO International Textile Ўзбекистонда юқори сифатли калава ва газламалар ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича етакчи ўринни эгаллайди. Корхонанинг тўртта заводи Фарғона, Бухоро шаҳарларида ҳамда Тошлоқ ва Қумтепа қишлоқларида жойлашган. 1996 йилда POSCO Фарғона вилоятида тўқимачилик саноатини ривожлантиришга қарийб 150 миллион доллар сармоя киритди.
Ўзбекистонда пахта-тўқимачилик кластерлари 2020 йили — ҳукумат қароридан сўнг ташкил этила бошланди. Мирзиёевнинг сўзларига кўра, бунинг ҳисобига пахта толасини қайта ишлаш 2,5 баробар ошиб, 100 фоизга етди. Кўплаб кластерлар ҳар гектардан 35-40 центнердан пахта йиғиб олди. Ип-калава ишлаб чиқариш икки баравар, тайёр маҳсулот уч баробар ошди. 2021 йил кузида пахта-тўқимачилик кластерларига янги имтиёзлар берилди.