10 март куни Тошкентда Европа Иттифоқининг Ўзбекистон учун 2021−2027 йилларга мўлжалланган янги кўп йиллик индикатив дастурини ишга туширишга бағишланган конференция бўлиб ўтди, деб хабар беради «Газета.Uz».
Дастур доирасида ЕИ 83 миллион евро ажратади, шундан 76 миллиони ҳамкорликда ишлаб чиқилган лойиҳа ва техник ёрдам, бюджетни қўллаб-қувватлаш дастурларига, 7 миллиони фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича фаолиятни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Жумладан, маблағлар қуйидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади:
👉 қишлоқ хўжалиги ва яшил ривожланишни қўллаб-қувватлаш,
👉 давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш,
👉 суд ва транспорт-логистика тизимларини рақамлаштириш;
👉 инвестиция муҳитини яхшилаш,
👉 Оролбўйини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш.
Ажратилган 83 миллион евро қуйидагича тақсимланади:
- молиялаштиришнинг 17 фоизи давлат бошқаруви ва рақамли трансформация самарадорлигини оширишга йўналтирилади;
- инклюзив, рақамли ва яшил ривожланиш учун — 40%,
- Қишлоқларнинг турмуш шароитини яхшилаш ҳамда миллий озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланишни яхшилаш учун ақлли, яшил ва барқарор ёндашувларни қўллаш учун агроозиқ-овқат секторини модернизация қилиш — 36 фоиз,
- гендер тенглиги, инсон ҳуқуқлари, рақамлаштириш, ёшлар ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорлик соҳасидаги дастурлар учун — 7 фоиз.
Шу билан бирга, Nova.uzнинг ёзишича, молиялаштириш фақат 2021 йилдан 2024 йилгача бўлган муддатга кўзда тутилган. 2025-2027 йиллар учун индикатив дастур бўйича маблағларни ажратиш 2024 йилда ўрта муддатли кўриб чиқишдан сўнг қабул қилинадиган ЕИ қарорига боғлиқ бўлади.
Бундан аввал, ЕИ Ўзбекистоннинг GSP + (ЕИнинг умумий имтиёзлар тизими, бир томонлама тартибда аксарият товарларга божсиз кириш имконини берувчи) аъзолигини олқишлаган ва мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш учун ариза беришдаги муваффақиятини қайд этган эди.