Cotton Campaign ва «Масъул харидорлар тармоғи» Ўзбекистонда тизимли мажбурий меҳнатга барҳам берилганини тан олди. Бу ҳақда Тошкентда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг Америка «Масъул харидорлар тармоғи» ҳуқуқни ҳимоя қилувчи нотижорат ташкилоти (ННТ) раҳбарияти билан учрашувида маълум бўлди, дея хабар беради ИТСВ матбуот хизмати.
Учрашувда Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш натижалари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини кучайтириш, мамлакатда мажбурий меҳнат амалиётига барҳам бериш ва бошқа мавзулар муҳокама қилинди.
«Хорижий делегация Ўзбекистон томонидан ушбу соҳаларда эришилган муваффақиятни, хусусан, 2021 йилда Европа Иттифоқининг «GSP+» Преференциялар бош тизимининг бенефициар мақомини олиши ва Буюк Британиянинг «GSP Enhanced framework» Преференциялар Бош тизимининг Кенгайтирилган схемасига қўшилиши, шунингдек, мамлакатда тизимли мажбурий меҳнатга барҳам берилишини эътироф этди», — дейилади хабарда.
Томонлар Халқаро меҳнат ташкилоти, Иш берувчилар Конфедерацияси, Касаба уюшмалари Федерацияси, фуқаролик жамияти вакиллари, фермер хўжаликлари ва пахта кластерлари раҳбарлари билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилгани алоҳида таъкидадилар.
Қуйидаги йўналишлар бўйича кейинги ҳамкорликни муҳокама қилинди:
👉 фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш,
👉 маҳаллий корхоналарда корпоратив ижтимоий жавобгарлик тамойилларини жорий қилиш,
👉 пахта кластерлари ва фермер хўжаликларини ишлаб чиқаришда энергия тежайдиган ва сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланишга ундаш,
👉 егишли халқаро ташкилотлар билан ушбу соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш.
2021 йил декабрида «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон форуми» директори Умида Ниёзова Ўзбекистонда пахта теримида тизимли мажбурий меҳнатдан фойдаланиш бўйича узоқ йиллардан бери мавжуд муаммо ҳал этилганини маълум қилган эди.
«Ҳа, биз шуни тўлиқ ишонч билан айтишимиз мумкинки, Ўзбекистонда оммавий тизимли мажбурий меҳнатга чек қўйилди. Бу йил бундай ҳолатлар кузатилмади. Мен ўзим учратган деярли барча ҳуқуқ ҳимоячиларидан, жумладан Елена Урлаева каби муросасиз инсонлардан ҳам сўраб кўрдим ва ҳаммаси мажбурлаш фактлари йўқлигини тасдиқлади», — деди Ниёзова «Фарғона» ахборот агентлигига берган интервьюсида.
Халқаро меҳнат ташкилоти хабарига кўра, теримчиларнинг атиги бир фоизга яқинини тўғридан-тўғри ёки айрим омиллар орқали мажбурлаш ишларига дучор бўлгани аниқланган. Маълумотлар шуни кўрсатадики, респондентларнинг 0,47 фоизи маҳалла вакилларидан ижтимоий нафақалар бўйича, 0,12 фоизи эса иш берувчидан иш ўрни ёки иш ҳақини йўқотиш билан боғлиқ таҳдидларга дуч келганини хабар берган. ХМТ мониторинги чоғида сўралган пахта теримчиларининг аксарияти меҳнат шароитлари 2020 йилдан бери яхшиланганини маълум қилган.