АҚШ Давлат котиби ва Ўзбекистон ТИВ раҳбари Украина ва Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати фотосурати

АҚШ Давлат котиби Энтони Ж. Блинкен (Antony J. Blinken) 9 март куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан Украина ва Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди. Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Нед Прайс (Ned Price) маълум қилди.

Музокаралар Вашингтонда бўлиб ўтган ва у ерга Ўзбекистон делегацияси 6 март куни келган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, томонлар дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ва икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларининг 20 йиллиги муносабати билан ўзаро табриклар алмашилган.

Блинкен АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида ҳам икки томонлама, ҳам C5+1 минтақавий дипломатик платформаси орқали фаол ҳамкорлик олиб борилаётганини қайд этди. У Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётини «қасддан қилинган, сабабсиз ва асоссиз ҳужум» деб баҳолади ва буни «халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузиш» деб атади.

«Давлат котиби Ўзбекистоннинг Украина ва Афғонистон халқларига кўрсатаётган инсонпарварлик ёрдамини юқори баҳолади ва Қўшма Штатлар террорчиларнинг Афғонистондан хавфсиз бошпана сифатида фойдаланишига ҳеч қачон йўл қўймаслик ниятида эканини яна бир бор тасдиқлади», — дейилади Давлат департаменти баёнотида.

Блинкен Ўзбекистонда бизнес муҳитини яхшилаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш каби ислоҳотларни давом эттиришга чақирди. У АҚШ Ўзбекистон суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Ўзбекистон делегацияси АҚШда тўрт кун бўлди. У АҚШ маъмурияти вакиллари, Конгресс аъзолари, Америка ишбилармон ва илмий доиралари вакиллари билан учрашув ва музокаралар ўтказди.

Жумладан, Америка-Ўзбекистон савдо палатаси аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистонни 2026 йилгача ривожлантириш стратегияси, мамлакатда иқтисодиётни тубдан ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди. АҚШ компанияларининг Ўзбекистондаги ислоҳотлардаги иштирокини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар жорий йилнинг 24-26 март кунлари бўлиб ўтадиган биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ) ишида Америка компанияларининг кенг иштироки ҳақида келишиб олдилар.

2021 йил декабрь ойида Тошкентда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида стратегик ҳамкорлик бўйича биринчи мулоқот бўлиб ўтганди. Авваллари мамлакатлар ҳар йили икки томонлама маслаҳатлашувлар ўтказарди. Бундай учрашувларнинг янги форматга ўтказилиши 2020 йил ноябрь ойида эълон қилинди. Мулоқот доирасида Ўзбекистон ва АҚШ сиёсат, хавфсизлик, иқтисод ва инсоний ўлчовлар бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятини илгари суради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ