Ўзбекистон ҳукумати меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлайди

Bugun.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон ҳукумати меҳнат муҳожирлари ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш бўйича янги чора-тадбирлар пакетини ишлаб чиқди. Бу Президентнинг 1 мартдаги «Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган, деб ёзади «Правовая информация»(«Ҳуқуқий ахборот») канали.

Фармонга кўра, жорий йилнинг 1 майидан бошлаб боқувчиси чет элга ишлаш учун кетган ва «Ижтимоий ҳимоянинг ягона реестри» (ИҲЯР) ахборот тизимида рўйхатга олинган оилаларга ҳар йили икки БҲМ миқдорида бир марталик моддий ёрдам (базавий ҳисоб миқдори ҳозирда 270 минг сўм ёки 24 АҚШ доллари) белгиланди. Моддий ёрдам ҳоким ёрдамчиларининг ёзма тавсияномасига биноан тақсимланади.

Шунингдек, дори воситалари, ногиронлик аравачалари, эшитиш аппаратлари ва ортопедия буюмлари харид қилиш учун ҳам бир марталик моддий ёрдам бериш режалаштирилган. Ёрдам миқдори бешта БҲМни ташкил қилади (ҳозир 1,35 миллион сўм ёки 123 доллар). ИҲЯРда рўйхатдан ўтган ёки «темир», «аёллар» ёки «ёшлар» дафтарлардан бирига киритилган меҳнат муҳожирларининг ногирон оила аъзолари бунга умид қилиши мумкин.

Меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг Ўзбекистонда улар билан бирга яшовчи пенсия ёшига етган ёки I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган оила аъзоларига касаба уюшмалари тизимидаги санаторий ва профилактик даволаниш муассасаларига бир марталик бепул йўлланма берилади.

Хорижга ишлаш учун кетган фуқароларнинг фарзандларига маҳаллалардаги ёшлар етакчиларининг ёзма тавсияномаси асосида мавсумий оромгоҳларга бепул йўлланмалар берилади. Ота-онаси ИҲЯРда рўйхатдан ўтган ёки дафтарлардан бирига киритилган болалар бунга ҳақли ҳисобланади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг маблағлари ҳисобидан меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг оила аъзоларига ёрдам пуллари ва йўлланмалар беришда:

ёрдам пуллари ва йўлланмалар башарти меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқаролар “Labor migration” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган бўлса берилади;

талабгорлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига “Labor migration” дастурий мажмуаси орқали электрон мурожаат қилади.

2022 йил 1 мартдан «дафтарлар»дан бирига киритилган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан вақтинчалик ишлаш учун хорижга чиқиб кетаётган фуқароларга ҳам 10 миллион сўмгача ($917) миқдорда бир йил муддатга миқроқарзлар берилади.

Шунингдек, 2023 йил 1 январгача қуйидагилар бўйича компенсациялар тўланади:

👉 хорижий тиллар ёки касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун, башарти улар муваффақиятли топширилганда – БҲМнинг 3 баравари (810 минг сўм ёки $74);

👉 йўл чиптасини харид қилиш бўйича – БҲМнинг 2 баравари (540 минг сўм $49 );

👉 «ишчи виза»ни расмийлаштириш бўйича – БҲМнинг 5 баравари (1 млн 350 минг сўм ёки $123) .

Худди шу фармон билан 2022 йил 1 июндан бошлаб Россиянинг 12 та ҳудудида, шунингдек Туркия ва Қозоғистонда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг (ТММА) ваколатхоналари очилади. Ушбу ҳудудларнинг ҳар бирига камида иккитадан вакил бириктирилади.

2021 йил 1 январдан Ўзбекистонда хорижга ишлаш учун кетаётган фуқароларни мажбурий касб-ҳунарга ўқитиш тизими жорий этилди. Улар учун хорижий тилларни ўрганиш ва йирик хорижий иш берувчилар ва хусусий бандлик агентликлари сўраган касблар бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича уч ойлик курслар очилди. Йил якунида Ўзбекистон Марказий банки меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари молиявий саводхонлигини ошириш лойиҳасини ишга туширди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ