Ўзбекистонда давлат хизматчилари учун иккинчи фуқароликни олиш, хорижда кўчмас мулк ва ҳисоб рақамига эга бўлиш тақиқланди

Inform.kz сайтидан иллюстратив фотосурат

Ўзбекистонда давлат хизматчилари чет эл фуқаролигини олиш, банкларда ҳисоб рақамлари очиш, мамлакатдан ташқарида кўчмас мулк ва бошқа мулкка эгалик қилиш ҳуқуқига эга эмас. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан 2 март куни қабул қилинган «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳасида сўз юритилади.

Депутат Дониёр Ғаниев ўзининг Телеграм-каналида таъкидлаганидек, қонунда давлат хизматчилари учун қуйидагилар тақиқланади:

👉 давлат хизматида бевосита бўйсунадиган ва яқин ёки қариндош қариндош бўлган шахсларнинг назорати остидаги лавозимларни эгаллаш;

👉 педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари бошқа ҳақ тўланадиган ишлар билан шуғулланиш;

👉 тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, унинг таъсисчиси ёки ташкилотчиси бўлиш;

👉 жисмоний ва юридик шахслардан мансаб ёки хизмат вазифасидан фойдаланганлик эвазига ҳар қандай мукофот ёки совға олиш.

Қонун давлат хизматчиларига ўз даромадлари ва мол-мулки тўғрисида декларация тақдим этиш, уларнинг хизмат фаолиятига ташқи таъсир кўрсатишига йўл қўймаслик мажбуриятини юклайди.

«Қонун лойиҳасининг аҳамияти шундаки, унда Ўзбекистоннинг давлат бошқаруви ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларида фаолият юритаётган 120 мингдан ортиқ давлат хизматчисининг фаолияти, уларнинг мақоми ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, давлат хизматига қабул қилиш масалалари қамраб олинган», – дейди Дониёр Ғаниев.

Депутат мазкур қонун лойиҳасининг ҳаётга татбиқ этилиши давлат хизматлари кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш, тизимдаги коррупция ва манфаатлар тўқнашувини камайтириш, давлат хизматининг аҳоли учун жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади, деб ҳисоблайди.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, эндиликда ваколатли орган (Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ёки халқ тилида АРГОС) томонидан давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри юритилади ҳамда реестрга киритилган лавозимларга давлат хизматчилари очиқ танлов асосида тайинланади.

Реестрга киритилган давлат фуқаролик лавозимлари гуруҳ ва тоифаларга ажратилиб, давлат хизматчисига унинг лавозим гуруҳи ва тоифасидан келиб чиқиб, малака даражалари берилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ