Ўзбекистондаги барча ташкилотларга раҳбар ўринбосари лавозимига аёлларни тайинлаш топширилди

Хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича мажлис иштирокчилари. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистондаги давлат органлари, банклар, турли ташкилот ва муассасаларнинг мансабдор шахслари орасида камида битта аёл бўлиши керак. Мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашга бағишланган йиғилишда мана шундай вазифа қўйилди.

«Ҳеч кимга сир эмас, хотин-қизлар меҳнат қилаётган, раҳбарлик қилаётган жойда тартиб, адолат, ҳалоллик, маданият ҳукмронлик қилади. Шундай экан, ҳар бир вазирлик, давлат корхонаси, банк ва бошқа идоралар бир-икки йилда хотин-қизларни бошқарув тизимига ўргатиб, улардан камида биттасини раҳбар ўринбосари этиб тайинлаши керак», — деди президент.

Бу талаб олий таълим муассасалари ва тиббиёт муассасаларига ҳам тегишли.

Солиқ, молия, банк, суғурта ва хўжалик органларида аёлларнинг улушини камида 30 фоизга етказиш керак.

Мирзиёев икки ҳафта муддат ичида хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш дастурини ишлаб чиқиш вазифасини топширди. Ҳозирда давлат органларида ишлаётган раҳбар аёллар улуши 10 фоиздан ошмайди. Ҳар йили Давлат бошқаруви академиясини етакчи аёлларни тайёрлаш махсус дастури бўйича камида 100 нафар хотин-қиз битиради.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда давлат бошқарувида аёлларнинг иштироки фаол равишда оширилмоқда. 2019 йили Танзила Нарбаева Ўзбекистон Сенати раиси лавозимини эгаллаган биринчи аёл бўлди. Мамлакатда 2019 йил охири — 2020 йил бошида бўлиб ўтган парламент сайловлари натижаларига кўра, хотин-қизлар парламент Қонунчилик палатасида 48 ўринни эгаллаган, бу аввалги сайловлардагидан роппа-роса икки баробар кўпдир. 2020 йил баҳорида, 8 март арафасида республикада хотин-қизларни туман ва шаҳар ҳокимликлари раҳбари лавозимларига тайинлаш тадбирлари бўлиб ўтди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ