Халқаро меҳнат ташкилотининг 2021 йилдаги Ўзбекистон пахта теримига доир мустақил мониторинги ҳисоботи теримчилар билан ўтказилган 11 000 суҳбатга асосланган ва унда пахта теримида қатнашганларнинг 99 фоизи кўнгилли бўлгани айтилади.Барча вилоят ва туманларда мажбурий меҳнат ҳолатлари жуда кам учраган ёки умуман бўлмаган.
Тўлиқ ҳисобот 2022 йил 29 мартда оммага тақдим этилади. Бироқ, бугун унинг бир қанча муҳим тезислари нуфузли ташкилот сайтида эълон қилинган.
ℹ️ ХМТ экспертлари теримчиларнинг атиги бир фоизга яқинини тўғридан-тўғри ёки айрим омиллар орқали мажбурлаш ишларига дучор бўлганини аниқлади. Маълумотлар шуни кўрсатадики, респондентларнинг 0,47 фоизи маҳалла вакилларидан ижтимоий нафақалар бўйича, 0,12 фоизи эса иш берувчидан иш ўрни ёки иш ҳақини йўқотиш билан боғлиқ таҳдидларга дуч келганини хабар берган.
ℹ️ Интервьюга жавоб берган кўпчилик пахта теримчилари 2020 йилдан буён меҳнат шароитлари яхшилангани айтишган. Фақат беш фоизи шароитлар аввалги йилга қараганда ёмонроқ бўлганини таъкидлаган. Бу транспорт, озиқ-овқат, сувдан фойдаланиш, гигиена ва бошқа объектларга тегишли бўлган.
ℹ️ Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли ёшдаги ҳар саккизинчи киши пахта теримида иштирок этган. Теримчиларнинг 62 фоизи хотин-қизлардан иборат бўлган, аксарияти қишлоқ фуқаролари бўлган.
ХМТ лойиҳасининг Ўзбекистондаги бош техник маслаҳатчиси Йонас Аструпнинг айтишича, кузатувчилар Ўзбекистонда меҳнат бозори демократлашганига доир янги ўзгаришларни кўрган.
«Энг кам иш ҳақи биринчи марта нафақат ҳукумат, балки Ўзбекистондаги касаба уюшмалари ва иш берувчилар билан ҳам келишиб олинди. Шунингдек, биз қуйи босқичда жамоавий битимларнинг пайдо бўлаётган тенденциясини кўрдик. Пахта теримчилари фермерлар ва тўқимачилик кластерлари билан норасмий иш ҳақига доир музокаралар олиб борадилар. Натижада кўплаб теримчиларга энг кам иш ҳақидан анча юқори маош тўланди», — дейди у.