Хусусий секторда ишлаётган ўзбекистонлик аёлларга давлат бюджетидан «ҳомиладорлик нафақаси» тўланади

Hron.ru сайти фотосурати

1 сентябрдан бошлаб хусусий секторда ишлаётган ўзбекистонлик аёлларга давлат бюджетидан ҳомиладорлик бўйича нафақа пули тўланади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев топшириқ берди.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ва уларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашга бағишланган йиғилишда президент тадбиркорлик субъектлари ҳомиладор аёлларни ишга қабул қилишдан қочаётганини таъкидлади.

«Очиқ айтиш керак, айни пайтда бюджет ташкилотлари ҳомиладорлик нафақасини тўлиқ тўлаб берсада, хусусий секторда бу харажат туфайли аёлларни расмий ишга олишдан қочиш ҳолатлари ҳам, афсуски бор», — деди Мирзиёев.

Шу боис, 2022 йил 1 сентябрдан хусусий секторда расмий ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик нафақасини давлат томонидан кафолатли тўлаб берадиган тизим яратилади. Энди, уларга ҳам 4 ойга 2 миллион сўм миқдорида бир марталик ҳомиладорлик нафақаси тўлаб берилади.

Бу мақсадлар учун, бюджетдан 2022 йилда 200 миллиард сўм, 2023 йилда эса 1,7 триллион сўм йўналтирилади.

Президент алимент тўлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Айни пайтда Ўзбекистоннинг 290 мингдан ортиқ аҳолиси уларга тўлаши керак, бироқ 172 минг нафари фарзандлари олдидаги мажбуриятларини бажаришдан бўйин товламоқда. Натижада алимент бўйича қарзлар 115 миллиард сўмдан (10,6 миллион доллар) ошди. 2021-йилда Халқ қабулхоналарига алимент ундириш бўйича 70 мингга яқин мурожаат келиб тушган.

Мирзиёев Мажбурий ижро бюросининг бу борадаги фаолиятини қониқарсиз деб топди ва МИБ қошида Алимент тўлаш жамғармасини ташкил этиш бўйича топшириқ берди.

Жамғарма жорий йилнинг июл ойидан иш бошлаши керак. Унга дастлаб 50 миллиард сўм (4,6 миллион доллар) ўтказилади. Мазкур маблағлар уч ой ичида ундириш имкони бўлмаган алиментларни тўлашга ажратилади ва кейинчалик бюро томонидан ундириб олинади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2020 йил март ойидан бошлаб ота-онадан алимент ундириш бўйича даъволар 14 ёшдан бошлаб болалар томонидан қўйилиши мумкин.

Ўзбекистонда ҳар йили вояга етмаганларни боқиш учун ажратилган маблағларни ундириш бўйича 45 мингдан ортиқ суд қарорлари чиқарилади. Жиноят ишлари бўйича судларга юборилган мунтазам равишда алимент тўламаганларнинг ишлари йилига уч мингга этади. Уларнинг аксарияти алмент қарзини даромад манбаи йўқлиги билан изоҳлайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ