Янги ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талаба қизлар таълим шартномаларини тўлаш учун фоизсиз кредит олиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 1 март куни хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ва уларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилди.
Кредитлар 7 йил муддатга берилади. Бунинг учун жорий йилда банкларга 1,8 триллион сўм (166 миллион доллар), кейинги беш йилда эса 8 триллион сўм (738 миллион доллар) ўтказилади.
«Бу имконият ҳали бизнинг тарихимизда умуман бўлмаган», — деди Мирзиёев таълим тизимининг барча бўғинларида ўқиш истагида бўлган хотин-қизларга шароит яратишга ваъда бераркан.
Янги ўқув йилидан бошлаб магистратурада таҳсил олаётган қизлар учун тўлов-контракт миқдорини давлат бюджет ҳисобидан тўлиқ қоплайди. Кам таъминланган оилалар ўқувчилари ва етим болаларнинг таълим олиши учун тўловлар маҳаллий бюджетлар ҳисобидан амалга оширилади.
2022-2026 йиллари аёллар таълимини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида олий ўқув юртларида табиий фанлар, муҳандислик ва ҳуқуқшунослик йўналишларида таҳсил олаётган қизлар салмоғини ҳозирги 24 фоиздан 40 фоизга ошириш кўзда тутилган. Бунинг учун бундай таълим муассасаларида «аёллар» квотаси жорий этилади.
Дастур доирасида, пойтахтда асосан хотин-қизларни ўқитиш учун давлат-хусусий шерикчилик асосида тўқимачилик соҳасида алоҳида университет ташкил этилади. Пахта-тўқимачилик ва пиллачилик кластерлари иштирокида жойларда университетнинг техникумлари ҳам очилади.
Ҳар йили 50 нафар қиз нуфузли хорижий олий таълим муассасаларига бакалавриат, 10 нафари магистратура йўналиши бўйича ўқишга юборилади. Докторантурада ҳар йили аёллар учун камида 300 та мақсадли квота ажратиш режалаштирилган. Ёш болали ўқувчиларга масофавий таълим олиш учун шароитлар яратилади.
2022 йил 1 июндан бошлаб ҳар бир вилоятдаги мономарказлар ва олийгоҳлар қошида Малакани баҳолаш марказлари ташкил этилади.
2022 йили марказлар 30 минг нафар хотин-қизни талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш ва малака ҳужжатларини бериш бўйича давлат буюртмасини олади. Шунингдек, мактаб ва коллежларнинг 20 минг нафар битирувчисини IT-мутахассисликлари бўйича тайёрлашга давлат буюртмаси жорий этилади. 2023 йилдан бошлаб ушбу тизим чет тилларини ўрганиш соҳасида ҳам жорий этилади.
2021 йил сентябрь ойида Ўзбекистон вилоятлари ҳокимликларига ўз ҳудудида туғилган 100 нафар фуқаронинг (жами 1400 нафар) олий ўқув юртларида ўқиши учун ҳақ тўлаш топширилган эди. Бундай ёрдамга ота-онасидан бири ёки иккаласидан айрилган кам таъминланган қизлар, боқувчисиз қолган ёлғиз аёллар умид қилишлари мумкин.
Президент сўзларига кўра, 2021 йили 2000 нафар қиз олий ўқув юртларига махсус грантлар бўйича ўқишга қабул қилинган, яна 1800 нафар талаба учун тўлов-контракт расмийлаштирилган. Натижада университетга абитуриентларнинг 60 фоизини қизлар ва аёллар ташкил этган (2016 йили бу кўрсатгич 38 фоиз бўлган).