Тошкентда Яшил ривожланиш глобал институтининг ваколатхонаси очилди

GGGI БОШ ДИРЕКТОРИ ЎРИНБОСАРИ ХЕЛЕНА МАКЛЕОД ВА БРДК ДИРЕКТОРИ БАХТИЁР ПЎЛАТОВ ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА МЕМОРАНДУМ ИМЗОЛАДИЛАР. АНДРЕЙ КУДРЯШОВ ФОТОМУРАТИ / «ФАРҒОНА»

22 февраль куни МДҲ ва Марказий Осиёда илк бор Яшил ривожланиш глобал институти (Global Green Growth Institute, GGGI) нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси очилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди.

GGGнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилиш маросимида институт бош директорининг ўринбосари Хелена Маклеод, Осиё бўйича минтақавий директори Ачала Абейсингх, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов, БМТТД, ЕХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари иштирок этдилар.

Ассамблея президенти ва GGGI Кенгаши раиси Пан Ги Мун (БМТнинг собиқ Бош котиби) маросим иштирокчиларига видеомурожаатда Президент Шавкат Мирзиёевнинг янги экологик ташаббусини чин дилдан маъқуллашини билдирди, унга кўра Ўзбекистон ҳар йили 200 миллион дарахт экиш ва 2030 йилга келиб шаҳарларда яшил майдонлар ҳудудини 30 фоизга ошириш режалаштирилмоқда.

«GGGI аҳоли турмуш сифатини яхшилаш, ҳаво ифлосланишини камайтириш ва шаҳарларни иссиқлик тўлқинларига чидамлироқ қилиш мақсадига эришишга ёрдам берадиган воситаларни фаол ўрганмоқда. Атроф-муҳитга ғамхўрлик қилишга доимо катта аҳамият бериб келган Ўзбекистон халқининг экологик садоқатига чин дилдан ишонаман. Ишончим комилки, Марказий Осиёда биринчи GGGI офисининг очилиши янги аъзо давлатлар, жумладан Қирғизистон ва Туркманистон билан ҳамкорликни ривожлантириш учун намуна бўлиб хизмат қилади. Ишончим комилки, бу минтақадаги бошқа мамлакатларни ҳам GGGI фаолиятига қўшилиш ҳақида ўйлашга ундайди», — деди Пан Ги Мун.

Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов ҳам видеомурожаат шаклида сўзга чиқди.

«Ўзбекистон ўтган йили ёзги жазираманинг энг узоқ ва энг оғир кўринишини бошдан кечирди, бу аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатди ҳамда уйлар ва корхоналарни совутиш учун электр энергиясига бўлган эҳтиёжни сезиларли даражада оширди. Салқин шаҳар муҳитини таъминловчи дарахтларнинг йўқолиши Тошкент аҳолисини ҳам ташвишга солмоқда.
Барқарор урбанизация ва истеъмол моделлари муаммолари бу янги ташвишлар бўлиб, уларни ҳал қилиш йўлларини топишимиз керак. Қўмитамиз пандемиядан кейинги барқарор ва инклюзив дунёни барпо этиш учун пандемиядан кейинги тикланишнинг асоси сифатида барқарор ривожланиш ва яшил майдонларни кенгайтиришни муҳим тамойил, деб ҳисоблайди. Шу мақсадда Ўзбекистонда Яшил ривожланиш глобал институтининг ваколатхонасини ташкил этиш вақти келди», — деди Обломуродов.

GGGI бош директори ўринбосари Ҳелена МакЛеод Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳақидаги оптимистик қарашлари билан ўртоқлашди: «Орол денгизи муаммоси инновациялар ва технологиялар учун имконият сифатида қайта кўриб чиқилганидан жуда мамнунман. Ўзбекистон ҳукуматининг муаммоларни ҳал қилиш маҳорати илҳомлантиради. Радикал ҳамкорлик ҳам далда берувчи омилдир. Фақат биргаликда биз хоҳлаган ўзгаришларни яратишимиз мумкин».

Тадбир давомида Яшил ўсиш глобал институти ва Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг Барқарор ривожланиш бўйича давлатлараро комиссияси (БРДК) ўртасида Орол денгизи ҳавзасига тегишли яшил ривожланиш ва иқлим ўзгариши соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида англашув меморандуми имзоланди.

Бош қароргоҳи Сеулда жойлашган «Глобал Яшил ўсиш институти» халқаро ҳукуматлараро ташкилот 2012 йил июль ойида Рио-де-Жанейрода БМТнинг Барқарор ривожланиш бўйича конференцияси доирасида ташкил этилган. Ташкилотнинг мақсади ўзгарувчан иқлим шароитида ривожланаётган ва бозор иқтисодиётини танлаган мамлакатларда яшил иқтисодиётни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсишга кўмаклашишдан иборат. GGGI ҳозирда 30 дан ортиқ мамлакатларда 54 та лойиҳани амалга оширмоқда.

2022 йилда Давлат экология қўмитаси ҳамда Глобал яшил ўсиш институти Орол денгизи таназзули салбий оқибатларини бартараф этиш мақсадида Оролбўйи минтақасининг яшил тикланишини молиялаштиришга йўналтирилган ҳамкорликдаги лойиҳани амалга оширишни бошлади. Лойиҳанинг умумий қиймати 5,65 млн АҚШ долларига тенг. Мазкур лойиҳа Халқаро ҳамкорлик бўйича Корея агентлиги (KOICA) томонидан молиялаштирилади. Лойиҳанинг мақсади — Орол денгизи таназзули оқибатларини бартараф этиш учун Қорақалпоғистон Республикасининг яшил реабилитациясига кўмаклашиш, шунингдек, барқарор ҳаётий таъминот ҳамда табиий хавфларга барқарорликни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни белгилашдир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ