Ўзбекистон Миллий университети мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Абу Муҳаммад ибн Абу Бакр Сабуний қўлёзмаси. Kun.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан Ўзбекистон Миллий университетининг бир қатор мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, Миллий университет Ахборот ресурс маркази фондида сақланган XIII — XIX асрларга оид қиймати 2,6 млрд. сўмлик (240 000 АҚШ доллари) тарихий ва бадиий аҳамиятга эга бўлган ўнлаб нодир қўлёзмалар ўғирлаб кетилгани аниқлаган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар беради.

«Тарихий ва бадиий аҳамиятга эга бўлган 56 дона қўлёзма ва 6 дона тошбосма асарлар талон — торож қилинганлиги ва бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди», — дейилади хабарда.

Kun.uz сайтида XIII-ХV асрларда ёзилган ўнлаб нодир қўлёзмалари ЎзМУ кутубхонасидан йўқолганлиги ҳақида хабар берилган эди ва мазкур ҳолат Бош прокуратура томонидан ўрганилган.

Таъмирдан олдин музейда ўзбек, форс, турк, араб ва тожик тилларида бир ярим мингга яқин қўлёзма, хат ва ҳужжатлар мавжуд бўлган. Кейинчалик уларнинг бир қисми қайтарилмаган. Жумладан — Абу Муҳаммад ибн Абу Бакр Сабуний қўлёзмаси (XIII аср), Шарафиддин Али Яздийнинг «Мукаддимаи Зафарнома» китоби (XV аср), Алишер Навоийнинг «Хамса» асари ва бошқалар.

Мазкур ҳолат юзасидан университет мансабдор шахслари, ахборот-ресурс маркази директори ва бир қатор ходимларга нисбатан республика Жиноят кодексининг 167-моддаси («Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш») ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур иш билан Тошкент шаҳар прокуратураси шуғулланмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ