1 апрелдан ногиронлиги бўлган шахсларга тайинланадиган нафақаларнинг миқдорлари бирхиллаштирилади

Gov.kz сайти фотосурати

Ўзбекистонда 1 апрелдан бошлаб меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга тўланадиган ногиронлик нафақасининг энг кам миқдори, шунингдек, тўлиқ бўлмаган иш стажи учун ногиронлик пенсияси миқдори оширилади. Президент қарорига кўра, улар 440 минг сўмдан 622 минг сўмга (40 доллардан 57 долларга) ўсади.

Шундай қилиб, ногиронлик нафақалари миқдори оширилади, деб таъкидлади Молия вазирлиги. Ҳозирда фақат болаликдан ногирон бўлган шахс 622 минг сўм олади.

«Бир ҳил гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ҳаёт давомида бир ҳил тўсқинликларга учрасада, уларнинг даромад келтирувчи фаолиятини юритиш имкониятлари бир ҳил чекланган ва соғлиғи ҳолатидан бир ҳил харажатлар талаб қилинсада уларга ҳар хил миқдорда нафақа тўлаб келинган. Энди уларнинг барчаси ногиронлик стажидан қатъи назар, бир хил миқдорда – 622 минг сўм олади», — дея тушунтирди Молия вазирлиги.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 49 минг ногиронга бериладиган нафақалар 41 фоизга ошади. Жорий йилда ҳукумат томонидан қўшимча 81 миллиард сўм (7,5 миллион доллар) ажратилади. Яна 140 миллиард сўм (13 миллион доллар) ногиронлик пенсиясини 622 минг сўмга оширишга йўналтирилади, бу эса 133 минг кишини қамраб олади.

1 апрелдан бошлаб ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига ҳар ойда 500 000 сўм миқдорида нафақа тўлови жорий этилади.

Бу аҳолининг минимал истеъмол харажатларидан (МИХ) кам бўлмаслиги керак, дея таъкидлади Молия вазирлиги.

Бундай имтиёзни олиш учун давлат хизматлари марказига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига мурожаат қилиш лозим. Парваришлаш нафақаси худди шу қарор билан тасдиқланган парваришга муҳтож 18 ёшгача бўлган болалар касалликлари рўйхати асосида тайинланади. Парваришлаш нафақаси фуқароларнинг Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига қилган мурожаатлари асосида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тайинланади ва тўланади.

«Нафақани жорий этишдан асосий мақсад доимий парваришга муҳтож, ногирон болага ғамхўрлик қилаётган оила аъзосини қўллаб-қувватлашдир. Имконияти чекланган болаларга ғамхўрлик қилаётган оналар даромад келтирувчи фаолият билан шуғуллана олмайди, демак, бундай оилалар ижтимоий ҳимояга муҳтож. Ногирон болалари бўлган оналарга нафақалар жорий этилиши натижасида кафолатланган асосий даромад манбаи таъминланади», — дейилади Молия вазирлиги хабарида.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2022-йилда ногиронлиги бўлган болаларни тарбиялаётган 30 мингдан ортиқ онага парвариш бўйича нафақа тўлаш учун давлат бюджетидан қўшимча 157 миллиард сўм (14,5 миллион доллар) ажратилади.

Февраль ойи бошида Чернобил АEСдаги авария қурбонлари Ўзбекистонда ногиронлик нафақаси оладиганлар қаторига киритилган эди. 16 ёшдан 18 ёшгача ногирон болаларнинг ёши оширилди, уларга ғамхўрлик қилиш учун сарфланган вақт иш стажига киради.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ногиронлар аҳолининг 2,1 фоизини ташкил қилади. 2019 йили 700 мингга яқин ногиронлиги бўлган шахс пенсия ва ижтимоий нафақа олди. Мамлакатда жами 4 миллион нафар пенсия ва нафақа олувчилар истиқомат қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ