16 февралдан бошлаб Ўзбекистон давлат чегараси режимини бузганлик учун жарима тўлаган чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар мамлакатдан чиқариб юборилмайди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Жаримани тўламаган шахс нафақат Ўзбекистондан чиқариб юборилади, балки у бир йил муддатга республикага кириш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида назорат-ўтказиш пунктларида тартибни такроран бузган ва жарима тўламаган тақдирда, кириш ҳуқуқи уч йил муддатга чекланади.
Ўзгартиришлар киритилгунга қадар давлат чегараси режимини бузганлар жарима тўлаганига қарамай, Ўзбекистондан чиқариб юборилган. Маъмурий четлатиш жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди томонидан қўлланилади.
Қонун билан шунингдек, қуйидаги ҳуқуқбузарликларга оид ишларни Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари кўриб чиқиши белгиланди:
👉 чегара зонасига, шунингдек фуқароларнинг кириши ва бўлишига вақтинча чеклов белгиланган жойларга кириш ҳамда уларда яшаш қоидаларини бузиш (224-модда);
👉 Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги режимни бузиш (224-1-модда 1-қисми).
Чегара қўшинлари бўлинмаларининг бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва жарима солишга ҳақли.