Дин ишлари бўйича қўмита одамларни Ўзбекистон дунёвий давлат эканлигини унутмасликка чақирди

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита мамлакат халқига республиканинг дунёвийлигини эслатди.

Қўмита ўз расмий мурожаатида «ижтимоий тармоқларда баъзи мутаассиб шахслар, айрим ҳолларда эса диний соҳа вакиллари томонидан ҳам Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги ягона давлат сиёсатини нотўғри тушуниш ва баҳолаш, янгиликларни ўз манфаатларига мослаб талқин қилиш, воқеликни бўрттириб кўрсатиш, инсонлар фикрида нохолис муносабатни шакллантиришга бўлган уринишлар кузатилётгани» ни таъкидлайди.

«Биринчидан, шуни унутмаслик керакки, биз дунёвий, ҳуқуқий демократик, кўп миллатли ва турли конфессияли жамиятда яшаймиз.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунда ҳеч қайси динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилган.

Учинчидан, турли миллат ва конфессия вакиллари истиқомат қиладиган жамиятда қонун билан ўрнатилган ва ижтимоий келишув асосида тартибга солинадиган муносабатларга қарши ҳар қандай турдаги ножоиз хатти-ҳаракат, гап-сўз ва саъй-ҳаракат – турли динларга эътиқод қилувчи аҳоли орасида тушунмовчиликлар юзага келишига ҳамда дискриминация ва турли муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин», — дейилади Қўмита мурожаатида.

Мурожаатда Адлия вазирлиги мамлакатда диний ташкилотларни рўйхатга олувчи ягона ваколатли давлат органи ҳисобланиши ҳамда диний ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунчилик ҳужжатлари талаблари ва ўз устави қоидаларига риоя этиши устидан назоратни олиб бориши таъкидланади.

Қўмита «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддаси қоидаларини эсга олади. Виждон эркинлигини таъминлашнинг асосий устувор йўналишлари қаторига қуйидагилар киради:

👉 фуқароларнинг динга муносабатидан қатъи назар, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаган ҳолда, уларнинг виждон эркинлигига бўлган ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун тенг шарт-шароитлар яратиш;

👉 конфессиялар ўртасида тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятда диний бағрикенгликни таъминлаш;

👉 виждон эркинлигини таъминлаган ҳолда дунёвий давлат тузумини сақлаш;

👉 фуқаролар ва диний ташкилотлар томонидан виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш;

👉 жамоат тартибига, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг соғлиғи ва ахлоқига, ҳуқуқ ва эркинликларига таҳдид солувчи диний ғоялар ҳамда қарашларнинг сингдирилиши ва тарқатилишига қарши курашиш қатъий белгилаб қўйилган.

Қўмита қонуннинг 7-моддаси – «Дин давлатдан ажратилгани»ни ҳам эслатиб ўтди.

Мазкур моддага биноан, давлат турли динларга эътиқод қиладиган ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, турли динларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади, диний ақидапарастлик ҳамда экстремизмга, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли конфессиялар ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймайди.

«Фуқароларимиздан диний мавзу ўта хассос эканини эътиборга олиб, Интернет ва ижтимоий тармоқларда диний масала ҳамда давлатнинг дин соҳасидаги позициясига муносабат билдирганда холис бўлиш, айни вақтда, давлатнинг дунёвий демократик тамойилларини қатъий ёдда тутган ҳолда шахсий қарашларини оммавий муносабат сифатида талқин қилмасликларини сўраб қоламиз», — дейилади Қўмита мурожаатида.

Бундан аввал Ўзбекистон Адлия вазирлиги мамлакатда диний қарашларни мажбуран ўрнатишга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирган эди. Вазирликнинг бундай баёнот беришига мамлакатдаги диндорларнинг жамиятда ўз қоидаларини ўрнатишга бўлган резонансли уринишлари сабаб бўлганди. Улар орасида қуйидаги ҳолатлар аниқланган:

- аёлларнинг машина ҳайдашига субъектив баҳо бериш,

- уларнинг машғулот турини эркин танлаш ҳуқуқини чеклаш,

- айрим турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини тўхтатиш,

- айрим жаҳон дурдоналари саналадиган санъат асарларини сотиш (фойдаланиш)ни чеклаш,

- бошқа диний қарашларга ишончсизлик уйғотиш, ҳеч қайси динга эътиқод қилмайдиганларга нисбатан нафрат уйғотиш, Ўзбекистондаги дунёвийлик принципига монанд қонунлар билан ўрнатилган қоидаларни шубҳа остига олиш ва бошқалар.

«Ўзбекистон халқи бундан 30 йил олдин ўзининг тараққиёт йўлини танлаб олган – у дунёвийликка асосланган инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлайди. Ушбу ҳақиқатни шубҳа остига олишга, мутаассиб ғояларни тарғибот қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», — дея эслатиб ўтди Адлия вазирлиги.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ