Ўзбекистонда миллий машинасозлик кластери пайдо бўлади

«ЎЗАВТОСАНОАТ» АЖ БОШҚАРУВИ РАИСИ ШАВКАТ УМУРЗОҚОВ МАШИНАСОЗЛИКНИ РИВОЖАЛАНТИРИШГА БАҒИШЛАНГАН МАЖЛИСДА. ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳукуматга миллий машинасозлик кластери дастурини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Машинасозлик тармоғини саноат кластери усулида ривожлантириш лозимлиги таъкидланди. Бу тизим «инжиниринг – бутловчи қисмлар – тайёр маҳсулот – савдо ва сервис» занжирини қамраб олади. 8 та машинасозлик корхонаси, бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи 300 дан зиёд корхона, логистика, ички ва ташқи бозорлардаги савдо ва сервис тармоғи, Турин политехника ва Андижон машинасозлик институтларини умумий мақсад йўлида бирлаштиради.

Сўнгги тўрт йилда Ўзбекистонда 2600 номдаги бутловчи буюмлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Жорий йилда яна 600 та буюмни ўзлаштириш режалаштирилган. Натижада маҳаллийлаштириш даражаси 48 фоиздан 56 фоизга ошади.

336 миллион долларлик сармоя ҳисобидан иккита автомобил модели, яъни Chevrolet Tracker, Onix ва замонавий двигителлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Шунингдек, машинасозларга электромобиль саноатини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва 2023 йили Чирчиқ шаҳрида қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластерини ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Йирик чакана савдо тармоқлари орқали бутловчи қисмларни етказиб бериш орқали 2022-йилда экспорт ҳажмини камида 500 миллион долларгача ошириш бўйича кўрсатма берилган. 2021 йили Ўзбекистон қарийб 282 миллион долларга 29 мингга яқин автомобиль экспорт қилди, уларнинг катта қисми – қарийб 96 фоизини Қозоғистонга харид қилди.

Бундан аввал Мирзиёев 1 майга қадар автомобиль сотиб олишдаги навбатларни бартараф этишни талаб қилгани хабар қилинганди. Навбатда турган ҳар бир мижозга маълум бир санада етказиб бериш тўғрисида хабар берилади. Автомобиль учун олдиндан тўлов миқдорини амалдаги 85 фоиздан 50 фоизга, импорт қилинадиган автомобиллар учун божхона тўловлари ставкаларини эса икки бараварга, 30 фоиздан 15 фоизга камайтириш бўйича топшириқ берилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ