Россия президенти Владимир Путин ўз фармони билан Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгашининг давлат миграция сиёсатини такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссиясини тузди. Ҳужжат ҳуқуқий ахборот интернет порталида эълон қилинди.
Комиссия тўғрисидаги низомда таъкидланганидек, комиссия РФ миграция соҳасида миллий хавфсизликни таъминлаш ва миграция жараёнларини мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши манфаатларидан келиб чиқиб тартибга солиш, шунингдек, ҳокимият ва ташкилотларнинг давлатнинг миграция сиёсатини амалга оширишдаги фаолиятини мувофиқлантириш мақсадида тузилган .
Комиссияга Россия Федерациясида миграция ҳолатини хавфсизлик, миллий манфаатлар ва мамлакат иқтисодиётининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда таҳлил қилиш, миграция соҳасидаги ички ва ташқи таҳдидларни аниқлаш, шунингдек Россия Федерациясининг миграция жараёнлари билан боғлиқ муаммоларга тайёргарлик кўриш, Хавфсизлик Кенгашига миграция сиёсатини амалга ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар бериш функциялари юклатилган. Янги тузилманинг йиғилишлари ҳар кварталда камида бир марта ўтказилади.
Комиссияга РФ Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев бошчилик қилади. Унинг таркибига ҳукумат, Давлат Думаси ва Федерация Кенгаши раислари ўринбосарлари, Бош прокурор, ФХХ (ФСБ) директори, Тергов қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа ташкилот раҳбарлари киради.
11 февраль куни муҳожирларнинг Россия жамиятига интеграциялашуви ва мослашуви бўйича қўшимча чора-тадбирларга бағишланган йиғилишда Дмитрий Медведев миллий хавфсизлик ва россияликларнинг ўз манфаатлари миграция сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолаётганини айтди. Шу муносабат билан мигрантларни тиббий кўрикдан ўтказиш мажбурий ҳолга айланиши керак, деб ҳисоблайди Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари.
Унинг таъкидлашича, 2021 йили Россияга мигрантлар оқими 2020 йилга нисбатан учдан бир қисмга ошган, энг йирик диаспоралар сони эса 1 миллиондан 5 миллион кишига етган. Улар асосан Марказий Осиё давлатларидан келаётган одамлар. Бу гуруҳлар «ўзига хос хусусиятларга эга, кўпинча зиддиятли». Медведев муҳожирлар зич жойлашган жойларда «экстремистик ва террорчилик кайфияти ўчоғи ҳамда жиноятчилик марказларига» айланиб қолиши мумкин бўлган этник анклавларнинг пайдо бўлиш хавфи мавжудлигига эътибор қаратди.
Сўнгги ойларда Россия расмийлари ва сиёсатчилари миграция оқимини тартибга солиш масаласини бир неча бор кўтариб чиқишди. Ўтган йил ноябрь ойида Россия Федерацияси Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин миграция назоратини кучайтириш зарурлигини айтиб, меҳнат муҳожирларини мажбурий геном рўйхатига олишни жорий этишни таклиф қилди. Январь ойида Тергов қўмитаси раҳбари муҳожирлар ўртасида жиноятлар кўпайганини таъкидлаб, шу сабаб миграция жараёнларига ёндашувни ўзгартиришга чақирган эди.
2 февраль куни Федерация Кенгашининг Халқаро ишлар бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Владимир Жабаров Россияда қочқинлар оқими ёки мигрантлар ҳукмронлиги туфайли юзага келадиган инқирозлар олдини олиш учун ягона федерал тузилма барпо этиш кераклигини билдирди.
Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш (ИҲК) аъзоси Кирилл Кабанов 9 февраль куни Хавфсизлик Кенгашига мигрантлар билан боғлиқ вазият бўйича амалий тавсиялар юборилганини маълум қилди. ИҲК «миграция қонунчилигини либераллаштириш мумкин эмас, чунки мамлакатда мавжуд мигрантлар сони билан боғлиқ муаммолар мавжуд», деб ҳисоблайди. Кабанов муҳожирларнинг мамлакатда бўлиши устидан назоратни кучайтириш ва иш берувчилардан чет эллик ишчиларни жалб қилишни асослаб беришларини талаб қилиш зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, муҳожирлар оқими натижасида миллий, этник ва маданий мувозанат бузилиши Татаристон ёки Доғистон каби энг «вазмин ҳудудлар»да ҳам «салбий жараёнлар»ни келтириб чиқариши мумкин.