Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича икки томонлама музокаралар жараёнини тезлаштиради, яқин келажакда Женевада ушбу масала бўйича ишчи гуруҳнинг бешинчи йиғилиши бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Европа комиссияси ижрочи вице-президенти Валдис Домбровскиснинг Брюсселда бўлиб ўтган учрашувида келишувга эришилди.
Умурзоқов Белгия пойтахтига ташрифи давомида Европанинг бир қатор сиёсатчилари, жумладан, Европа кенгаши президентининг ташқи сиёсат бўйича бош маслаҳатчиси Саймон Морду ва Европа комиссияси ижрочи вице-президенти Валдис Домбровскис билан музокаралар ўтказди.
Учрашувларда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги стратегик муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Жумладан, икки томонлама тадбирлар, «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» саммити, «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» вазирлар конференцияси, шунингдек Европа Иттифоқининг юқори даражадаги вакилларининг яқин келажакда Ўзбекистонга ташрифи каби масалалар кўриб чиқилди.
Шунингдек, Европа томонига шу йилнинг март ойида бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун таклифнома топширилди. Европа инвестиция банки (ЕИБ) билан ҳамкорлик фаол ривожланаётгани таъкидланди. Айни пайтда Оролбўйи минтақасида иссиқлик ва сув билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш, бизнесни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш соҳаларида қатор лойиҳалар кўриб чиқилмоқда.
«Томонлар Ўзбекистонда ислоҳотларни илгари суриш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва фуқаролик жамияти ташкилотларини қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим лойиҳаларни амалга ошириш учун Европа Иттифоқидан 83 миллион евро миқдорида грантлар ажратишни назарда тутадиган Ўзбекистон билан 2021-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорликнинг Индикатив дастурини ҳаётга жорий этиш бўйича навбатдаги тадбирларни белгилаб олдилар», — — дейилади ИТСВ матбуот хизмати хабарида.
2021 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3,9 миллиард долларни ташкил этди, шу билан бирга Ўзбекистондан ускуналар, шунингдек тўқимачилик, кимё, чарм-пойабзал саноати маҳсулотлари экспортининг ўсиши кузатилди. Мамлакатнинг Европа Иттифоқидаги энг йирик савдо шериклари Германия, Литва ва Италиядир.
Жумладан, 2021 йилда Европа Иттифоқи давлатларига ўзбек товарлари экспорти 30 фоизга ошгани туфайли Европа Иттифоқининг Преференциялар бош тизими (GSP+) бенефициари мақомини олиш орқали Ўзбекистонга тақдим этилаётган имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди.
Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик (КШҲТБ) тўғрисидаги Битим матнини келишиш бўйича биргаликдаги ишларнинг бориши ўрганилди. Музокаралар жараёнини фаоллаштириш ва яқин вақт ичида Тошкентда музокараларнинг навбатдаги раундини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Битим 1999 йилдан бери амалда бўлган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ўрнини босади. КШҲТБ матни устида иш 2019 йилда бошланган, уни 2020 йилда имзолаш режалаштирилган эди, аммо COVID-19 пандемияси туфайли муддатлар ўзгартирилди. Мазкур Битим Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил Брюсселга ташрифи чоғида имзоланиши кутилмоқда.
Ўзбекистон ЖСТга киришга 1994 йили ариза берган ва учта ишчи гуруҳи мажлисида иштирок этган. Ушбу жараён 2005 йили — Андижон воқеаларидан сўнг тўхтаб қолганди. Лекин шунга қарамасдан республика ҳукумати ташкилот талаблари доирасида ўз қонунчилигини мувофиқлаштириб борди ва 2017 йили мазкур ташкилотга аъзолик борасида ишлар жонланди.
2020 йил ёзида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳи ўзининг тўртинчи – сўнгги 15 йилдаги биринчи йиғилишини ўтказди.