ЮНИСЕФ ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Хавфсиз интернет миллий марказини ташкил этади

ЮНИСЕФнинг Хавфсиз интернет кунига бағишланган видеоролигидан кадр

БМТ Болалар жамғармаси ЮНИCEФ (UNICEF) ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Киберхавфсизлик маркази ҳамкорликда Хавфсиз интернет миллий марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар беради.

Марказ онлайн зўравонликдан қандай ҳимояда бўлиш мумкинлиги тўғрисида маълумотга эга онлайн платформа бўлади. Болалар ва ота-оналар кечаю кундуз ишлайдиган платформа операторидан маслаҳат ёки ёрдам олишлари мумкин бўлади. Шунингдек, Telegram-ботни ишга тушириш режалаштирилган, у орқали интернетда болалар учун хавфли нарсалар ҳақида хабар юбориш мумкин.

Бу йил 8 февралга тўғри келадиган Халқаро хавфсиз интернет кунида (бу тадбир йилнинг иккинчи ойидаги иккинчи ҳафтанинг иккинчи кунида нишонланади) ЮНИCEФ #SaferInternetDay – 12-17 ёшли ўзбекистонликлар учун энг яхши тасвир танловини бошлади. Улар Хавфсиз интернет Миллий марказининг рамзи ва шиорига айланади.

Танловга тақдим этилган ишлар кибермакондаги болалар хавфсизлиги ва ҳимояси билан боғлиқ бўлиши керак. Аризаларни қабул қилишнинг охирги муддати 8 март бўлиб, натижалар 15 апрелда эълон қилинади. Танлов ғолиблари сертификат ва совғалар – фитнес билагузук, электрон китоб ёки планшет билан тақдирланади.

ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, 18 ёшгача бўлган болалар Интернетдан фойдаланувчиларнинг учдан бир қисмини ташкил қилади ва ҳар ярим сонияда бир бола биринчи марта Бутунжаҳон Интернет тармоғига қадам қўяди. Интернетдан оқилона ва малакали фойдаланилса, боланинг ривожланишига ва унинг мулоқот қобилиятига ижобий таъсир қилади. Бироқ, болалар хавфли контентга дучор бўлиши ёки зўравонлик, эксплуатация, кибербуллинг (Интернетдаги безорилик) қурбони бўлиши мумкин.

ЮНИCEФ болалар учун Интернетни қандай қилиб хавфсиз қилиш кераклигини тушунтиради:

👉 Фарзандингизнинг ижтимоий тармоқларга киришига тўсқинлик қилманг ва унинг онлайн мулоқотини назорат қилишга интилманг. Бунинг ўрнига, онлайнда ўзингизни қандай тутиш ва қандай эҳтиёт чораларини кўриш ҳақида маслаҳатларингизни баҳам кўринг.

👉 Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш муҳимлигини тушунтиринг: яхши паролни қандай яратиш, махфийлик созламаларини қандай чеклаш, нима ҳақида ёзишингиз мумкин ва нима ҳақида ёзмаслик керак (масалан, уй манзили, паспорт рақами, пароллар, пин кодлар, ва бошқалар).

👉 Болалар ва ўсмирларнинг сўнгги тенденцияларидан хабардор бўлинг: уларни интернетда нима қизиқтиради, улар қаерда ўтиришади, нимани томоша қилишади ва муҳокама қилишади. Бу фарзандингиз қандай хавф-хатарларга дуч келиши мумкинлигини тушунишга ёрдам беради

👉 Агар сиз Интернетда қандайдир хавфли фаоллашув (масалан, янги флеш-моб челленж) ҳақида билсангиз, болангиз билан гаплашинг ва унга қўрқувингиз сабабини тушунтиринг.

Шунингдек, ЮНИCEФ болалар учун уч тилда – ўзбек, рус ва инглиз тилларида «Онлайн хавфсизлик: қисқача маслаҳатлар» ва «Ўсмирлар кибербуллинг ҳақида билмоқчи бўлган 10 та нарса» нашрларини тайёрлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ