Сенатнинг йигирма учинчи ялпи мажлисида Вазирлар Маҳкамасига Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.
Бу ҳақда Олий Мажлиснинг юқори палатаси матбуот хизмати хабар беради.
Дастлаб, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардан фойдаланувчи ўзбекистонликлар сони бўйича статистик маълумотлар келтирилди.
Унга кўра, республикада айни вақтда Facebookда 4,7 млн, Instagram да 3,7 млн, Linkedlnда 288 минг, Телеграмда 18 млн, Odnoklassnikiда 16,7 млн, Twitterда 51,6 минг ва В-контактеда 2,6 млн фойдаланувчи мавжуд бўлиб, уларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил қилади.
.UZ доменидаги веб-сайтларда миллий менталитетга ёт бўлган, фуқароларнинг, шу жумладан ёшларнинг онги, руҳияти, маънавий-маърифий тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган, ахлоқсизлик, беҳаёлик, порнография, шафқатсизлик, зўравонлик, қимор ҳамда таваккалчиликка асосланган ўйинлар тарғиботига хизмат қилиши мумкин бўлган материаллар ёки бошқа веб-ресурсларга ҳаволалар жойлаштириш (фойдаланувчилар томонидан) кузатилаётгани таъкидланди.
Биргина 2021 йилнинг декабрь ҳолатига кўра, миллий домен ҳудудидаги 289 та веб-сайтда порнография, 91 та веб-сайтда эса беҳаёлик ва маънавий бузуқликка тарғиб қилувчи ҳолатлар аниқланган бўлиб, 2 097 та қонун бузилиши ҳолати қайд этилган.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида маънавий бузуқликни тарғиб қилувчи 130 га яқин гуруҳ, саҳифа ва каналлар мавжудлиги аниқланган, уларда 2 646 та материал (фото, видео, матнли ва бошқалар) тарқатилган.
Бадиий фильм, реклама (жумладан, кўчалардаги баннерлар), мусиқа ва клипларда фақат пул, бойлик ҳамда маънавиятсизлик тарғиботи мавжуд. Айрим ҳолларда мутлақо миллий маънавиятга зид кўринишлар, саҳналар намойиш этилмоқда.
«Кейинги вақтларда «оммавий маданият» ниқоби остида ёшларимиз онгига салбий таъсир этувчи ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик ғояларини тарқатиш, турфа йўллар билан бойлик орттиришни, миллий-маънавий маданиятга амал қилмасликни, уларни ўзгартириш ва айрим ҳолларда йўқотишни тарғиб қилувчи ҳаракатлар уюштирилмоқда», — дейилади Сенат матбуот хизмати хабарида.
Шу боис мажлисда ўқувчи ёшларнинг онгига зарар етказиши мумкин бўлган ахлоқсизликни тарғиб қилувчи контентлар, диний адоватни қўзғатувчи, таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинлар, тотализаторлар, оилавий қадриятларни инкор этадиган ҳамда жамиятда бузғунчилик ғояларини тарғиб этадиган веб-ресурсларга қарши курашиш биргаликдаги устувор вазифа эканлиги таъкидланди.
Сенаторлар Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.
Сенат мажлиси арафасида Ўзбекистон президентининг «Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бўйича Ўзбекистон Маданият вазирлигига «Инсон қадри учун» эзгу ғояси остида турли кўринишдаги асарлар яратиш режаси топширилди. Машҳур сайтлар ва ижтимоий тармоқларда «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги» номи остида саҳифалар пайдо бўлиши, улар орқали ўзбек халқининг миллий маданиятини тарғиб қилиш мақсадида танловлар ташкил этилиши лозим.
Бундан аввалроқ, «Адолат» ва «Миллий тикланиш» партиялари ўзбек ёшларининг «онгини заҳарлаётган» TikTokни блоклаш ташаббуси билан чиқди.