Ўзбекистон Маданият вазирлигига «Инсон қадри учун» эзгу ғояси остида турли кўринишдаги асарлар яратиш режаси топширилди. Президентнинг «Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг бир қисми шунга бағишланган.
Жумладан, Маданият вазирлиги қуйидагилар учун давлат буюртмаси бериши лозим:
👉 композиторлар ва бастакорларга 40 та янги мусиқа асарлари, шу жумладан, опера, симфония, оратория каби мумтоз ва замонавий жанрлар, хусусан, эстрада бўйича асарлар яратишга;
👉 театрларда саҳналаштириладиган камида 40 та янги спектаклга;
👉 камида 100 та юксак бадиий савиядаги Интернет ва ижтимоий тармоқлар учун мўлжалланган аудиовизуал асарлар яратишга (кенг оммалашган 20 та аудиовизуал асар ижодкорлари Маданият вазирлиги ҳайъатининг қарори билан тегишлича базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади);
👉 камида 150 та энг яхши миллий қўшиқларни караоке ёрдамида ижро қилиш учун қайта ишлашга;
«Маданият вазирлиги (О.А.Назарбеков): юксак бадиий савиядаги аудиовизуал асарларга давлат буюртмаларини жойлаштиришда уларнинг миллий адабиёт ва шеъриятимизнинг нодир дурдоналари асосида яратилиши, истеъдодли ижодкорлар томонидан маҳорат билан бадиий ўқиш, монолог ва бошқа шаклларда, шунингдек, хорижий тилларда ижро қилинишига, алоҳида эътибор қаратсин», — дейилади қарорда.
Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда «Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги» номли саҳифалар ташкил этилиб, улар орқали Жамғарма маблағлари ҳамда саҳифаларни юритишдан келиб тушган маблағлар ҳисобидан ўзбек халқи миллий маданиятини тарғиб этувчи қуйидаги танловлар жорий этилади:
— мусиқа чолғуларида (миллий, опера, симфония, оратория, эстрада, бошқа мумтоз ва замонавий жанрларда) бажарилган энг яхши 100 та ижро;
— энг яхши 100 та миллий қўшиқ;
— энг яхши 100 та миллий мусиқий клип;
— караоке ёрдамида қўшиқ ижро қилишга мўлжалланган, энг яхши 100 та мусиқий композиция (қўшиқ матни билан);
— давлат ва хусусий театрларда саҳналаштирилган энг яхши 50 та спектакль.
Бунда, ҳар бир йўналиш бўйича ғолиблар йил давомида жойлаштирилган ва ҳар йили 15 декабрь ҳолатига фойдаланувчилар томонидан энг кўп кўрилган ижролар орасидан аниқланади ҳамда Маданият вазирлиги ҳайъатининг қарори билан тегишлича базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.
Шунингдек, Маданият вазирлигига оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларининг йиллик календарь режаси асосида «Маданият карвони» шаклида ҳудудларда концерт-томоша тадбирларини ташкил этиш топширилди.
Маданият ва санъат соҳасидаги ижодкорларни ҳар йили бир маротаба тақдирлаш мақсадида Маданият ва санъат миллий мукофоти таъсис этилади.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «Маданият ва маърифат» телеканали Маданият вазирлигининг Бош ахборот ҳамкори этиб белгиланади.
Президентнинг 2022 йил 15 январдаги қарори асосида Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси ташкил этилди. У республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар, Маданият вазирлиги тизимидаги муассасалар фойдасининг бир қисми ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўлдирилади. Хусусан, Молия вазирлигига 2022 йили жамғармага 50 миллиард сўм (4,6 миллион доллар) ажратиш бўйича топшириқ берилди.