Толиблар яна бир ижтимоий фаол аёлни ўғирлаб кетдилар

Заҳра Муҳаммадий. Twitter тармоғи фотосурати

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати жангарилари аёллар ҳуқуқлари поймол этилишига очиқ қарши чиққан яна бир фаол аёл – Заҳра Муҳаммадийни (Zahra Mohammadi) ўғирлаб кетишди. Бу ҳақда 3 февраль куни журналист Нилофар Моради (Nilofar Moradi) ўзининг Twitter саҳифасида хабар берди. Атиги уч ҳафта ичида тўрт нафар фаол ўғирлаб кетилган, улардан иккитаси сўнгги икки кун ичида.

Журналист аёлнинг аниқлик киритишича, жангарилар Муҳаммадийни иш жойидан номаълум томонга олиб кетишган. Қиз стоматолог бўлиб ишлаган ва Кобулдаги намойишларда қатнашган.

Бундан олдин, «Фарғона» 2 февраль куни жангарилар толиблар томонидан аёллар ҳуқуқлари поймол этилишига қарши Кобулдаги оммавий митингларда қатнашган Мурсал Аярни (Mursal Ayar) уйидан олиб кетишгани ҳақида ёзган эди. Айярнинг қаерда экани ҳанузгача номаълум.

19 январь куни толиблар рейдидан сўнг Тамана Заряби Парияни ва Параван Иброҳимхел номаълум томонга олиб кетилган. Бу воқеа Парияни ва Иброҳимхелнинг афғон аёллари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш митингида қатнашганидан уч кун ўтиб содир бўлган. Намойишчи аёллар, жумладан толибларнинг Афғонистонда паранжи кийишни мажбуран жорий қилмасликларини талаб қилишган.

Авваллари толибларниг аёлларга нисбатан сиёсатига қарши Кобул ва Афғонистоннинг бошқа йирик шаҳарларида мунтазам равишда намойишлар ўтказилган бўлса-да, радикаллар фаол аёлларни оммавий равишда ўғирлаш билан шуғулланишмаган эди.

Халқаро ташкилотлар, жумладан БМТ ҳибсга олинган фаолларни озод қилиш ёки уларнинг ғойиб бўлган жойи бўйича тергов ўтказилишини талаб қилганига қарамай, толиблар ҳанузгача бирорта изоҳ бермаган.

Эслатиб ўтиш жоиз, ўтган йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач, толиблар 1996 йилдан 2001 йилгача Афғонистонда ҳукмронлик қилган биринчи даврига нисбатан кўпроқ вазмин ҳаракат қилган бўлсалар-да, бироқ аёллар ҳуқуқларини мунтазам чеклай бошладилар.

Ўша даврда қизларнинг мактабга бориши, аёлларнинг ишлаши, ўқиши, спорт билан шуғулланиши, жамоат ишларида иштирок этиши тақиқланган эди. Афғонистонда оммавий ахборот воситалари йўқ эди, телевидение, кино ва бошқа кўплаб кўнгилочар санъат турлари тақиқлаб қўйилган.

Ҳокимиятга қайтганидан сўнг, «Толибон» кўпчилик қизларнинг ўрта мактабда ўқишини тақиқлаб, аёлларнинг давлат хизматида ишлашига чекловлар қўйди. Хотин-қизлар ишлари вазирлиги тугатилди. Бунинг ўрнига толиблар Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш бўйича вазирликни ташкил этди. Январь ойи бошида вазирлик афғон аёлларининг паранжи ёпиниб юришига доир кўрсатма берди. Бу ўқимишли афғон аёллари орасида кенг норозиликни келтириб чиқарди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ