Мирзиёев чиқинди йиғувчи ва қайта ишловчи корхоналарга имтиёзлар берилишини маълум қилди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистонда чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун бир қатор имтиёзлар жорий этилади. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва экологик вазиятни яхшилашга бағишланган йиғилишда мана шу ҳақда сўз борди.

Президент аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш муҳимлигини таъкидлади.

«Бугун кўчага ёки исталган жойга қаранг. Ҳамма жойда одамлар ташлаб кетган чиқиндиларни кўрасиз. Биз она юртимизни муқаддас деймиз. Нима учун уни тоза-озода сақламаймиз? Ахир, муқаддас китобларимизда ҳам “Поклик иймондандур” дейилган.
Нега бу масалада оммавий ахборот воситалари, маҳалла фаоллари бонг урмаяпти? Қани нуронийларимиз, жамоатчилигимиз?
Албатта, бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди. Бунга ёш авлод қалбида она табиатга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкин. Маҳаллада, кўчаларда чиқинди ташлаган кишини кўрганда “бу ишингиз нотўғри бўлди”, дейдиган муҳитни шакллантиришимиз, одамларни бунга ўргатишимиз керак. Бу – ҳаммамизнинг ишимиз ва инсоний бурчимиздир, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Таҳлилларга кўра, деярли барча давлатларда қаттиқ маиший чиқиндилар миқдори аҳоли жон бошига ҳар йили 1 фоизга ортиб бормоқда. Мамлакатимизда иқтисодий-ижтимоий ўсиш ҳисобига бу кўрсаткич 7 миллион тоннага етиб, йилига 2 фоиздан ўсмоқда.

Республикадаги 197 та чиқинди полигонининг бирортаси санитария ва экология талабларига жавоб бермайди, 24 таси тўлиб бўлган.

Фарғона ва Қашқадарёда 20 фоиз чиқинди қайта ишланади, холос. 781 та маҳаллада чиқиндиларни олиб чиқиш масаласи ҳал этилмаган. Аҳолининг бу соҳадаги хизматлар бўйича дебитор қарздорлиги ҳам кўп. Тиббиёт ва таълим муассасалари, бозорлар учун 19 минг дона чиқинди контейнерларига эҳтиёж бор.

Қурилиш чиқиндиси полигонлари ташкил қилинмай, улар йўл, дала ёки дарё бўйларига ташлаб кетилмоқда. Ўтган йили 4 мингта ҳолатда қурилиш чиқиндилари нотўғри жойга ташлаб кетилгани аниқланган. Худди шу каби, маҳалла, массив ва хиёбонлар ҳудудидаги барг ва дарахт шохларини йиғиштириш билан шуғулланадиган мутасадди йўқ. Бу масалани ҳамма бир-бирига ташлаш билан овора. Тиббиёт чиқиндиларини сақлаш, ташиш ва зарарсизлантириш бўйича ҳам ягона тизим мавжуд эмас.

Мирзиёев Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва вилоят ҳокимларига чиқинди полигонларида тартиб ўрнатиш, уларнинг ресурсларини тугатганларини бартараф этиш бўйича топшириқлар берди.

Бир ой муддатда Оҳангарон туманида Осиё тараққиёти банки иштирокидаги 30 гектар майдонда полигон ташкил этиш бўйича 17 миллион долларлик лойиҳа доирасидаги қурилишни бошлашга кўрсатма берилди.

Маиший чиқинди тўплаш қамровини 95 фоизга, қайта ишлаш ҳажмини 40 фоизга етказиш вазифаси қўйилар экан, бунинг учун қатор имтиёзлар жорий этилиши кўзда тутилди:

👉 импорт қилинадиган техника, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар божхона божидан 3 йил муддатга озод этилади;

👉 Саралаш ва қайта ишлаш техникалари хариди учун 5 йилгача имтиёзли кредитлар ажратилади ва қайта молиялаштириш ставкасидан ошган қисми қоплаб берилади. Бу ишлар учун халқаро молия институтларининг имтиёзли маблағлари ҳисобидан 5 йил муддатга босқичма-босқич 500 миллиард сўм кредит ажратилади;

👉 Бу соҳадаги тадбиркорларни қўллаб-қувватланади. Қайта ишлаш қуввати бор кластерларга ер, мол-мулк ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз қилиб белгиланди. Бунинг эвазига уларга ўз ҳудудидаги чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини камида 40 фоизга олиб чиқиш талаби қўйилди.

Туман ва шаҳарларда давлат-хусусий шериклик асосида шундай корхоналар ташкил этиш, ҳудудлар учун 500 та махсус транспорт олиб келиш, ижтимоий муассасалар ва бозорларга қўшимча контейнерлар ўрнатиш бўйича топшириқлар берилди.

Шунингдек, Тошкент шаҳридаги «Махсустранс» корхонаси трансформация қилиниб, унинг негизида давлат-хусусий шериклик корхонаси ташкил этилади. Хорижий тажрибадан келиб чиқиб, маиший чиқиндиларга тўлов ундиришнинг янги тизими йўлга қўйилади.

Эслатиб ўтамиз, Мирзиёев 2020 йил март ойида келгуси йилгача 221 та чиқинди йиғиш жойларини тартибга солиш, аҳолини санитария хизматлари билан тўлиқ қамраб олиш, Тошкент, Самарқанд ва Андижон вилоятларида қурилиш чиқиндиларини қайта ишлаш имконини ҳисобга олган ҳолда улар учун махсус майдонлар ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ