Тошкент вилоятидаги Тепа (Култепа) археологик ёдгорлиги тупроғидан ғишт қуйилган. Кўрилган зарар 1 триллион 587 миллиард 600 миллион сўмни (146,8 миллион доллар) ташкил этди, деб хабар беради Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати.
Ёдгорлик Паркент туманидаги «Истиқбол» фермер хўжалиги ҳудудида жойлашган. 2019 йили Ўзбекистон моддий маданий мероси кўчмас мулклари миллий рўйхатига киритилган (626-сон). Рўйхатда ёдгорликнинг пайдо бўлиш вақти аниқланмаганлигини кўрсатилган. Аммо 2021 йили мутахассислар бу ерда қазиш ишлари олиб боргач, объект эрамизнинг I-IV асрларига оид экани ва кўчманчилар қабристони бўлгани аниқланган.
Агентлик томонидан ўтказилган ўрганишларда Тошкент вилояти, Паркент тумани, «Истиқбол» МФЙдаги «Тепа (Култепа)» археология ёдгорлигига тегишли 2 гектар ер майдони ҳудуди 2018 йил 28 сентябрда Паркент туманининг собиқ ҳокими Н.Мухаммедов томонидан амалдаги қонунчилик талабларига зид равишда аукцион савдолари орқали «U.Q.B» МЧЖга хом ғишт ишлаб чиқариш цехи ташкил этиш учун бериб юборилгани аниқланди.
Ушбу археология иншоотини «U.Q.B» МЧЖ раҳбарлари 2020 йилда қонунчилик талабларига зид равишда тадбиркор «U.M.P.» МЧЖга сотиб юборган. Ушбу тадбиркорлик субъекти ҳам ўз навбатида, бу объектда хом ғишт ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
Воқеадан хабар топган Тошкент вилояти Маданий мерос бошқармаси тегишли чоралар кўриш, айбдорлардан етказилган зарарни ундириш, туман ҳокимининг ерни сотиш тўғрисидаги қарорини бекор қилиш талаби билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур иш бўйича тўпланган материалларни Бош прокуратурага юборган. 2021 йил декабр ойида Тошкент вилояти прокуратураси томонидан U.M.P раҳбарияти ва бир қатор мансабдор шахсларга нисбатан ЖК 32-моддаси 2-қисми («Жиноятларни такрорлаш»), 205-модда 2-қисми «а» банди («Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, ўта кўп миқдорда зарар етказиш»), 207-модда («Хизмат даги масъулиятисиз») билан жиноят иши қўзғатилган..
Бундан олдин Бухородаги Абдуллахон мадрасаси деворининг қулаши ва Марғилондаги «Хўжа Порсо» тарихий масжидининг бузилиши фактлари бўйича жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилган эди.
Сенат матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистонда 8210 та моддий-маданий мерос объекти давлат муҳофазасида бўлиб, шундан 4788 таси археологик ёдгорликлар, 2265 таси меъморий объектлар, 625 таси монументал санъат асарлари, 530 таси бошқа диққатга сазовор жойлардан иборат.