Афғонистонда 13,1 миллион бола гуманитар ёрдамга муҳтож. Бундан ташқари, сўнгги уч ойда Афғонистонда ёрдамга муҳтож болалар сони 3,1 миллионга кўпайган.Бундай маълумотларни Save the Children халқаро ташкилоти маълум қилди, деб ёзади The Guardian 2 февраль куни.
Ташкилот вакили Мет Тинклер (Mat Tinkler) Афғонистондаги инқирозни таърифлар экан, уни «дўзахнинг ўзи» деб атади.
Тинклернинг таъкидлашича, 22,8 миллион афғон «очлик ёқасига» (Афғонистонда умумий аҳоли сони тахминан 38 миллион киши) келиб қолган. Жорий йил ўрталарига келиб аҳолининг 95 фоиздан ортиғи қашшоқлик домида бўлиши мумкин, дейди халқаро ташкилот вакили.
Декабр бошида Save the Children ташкилоти афғонистонда 780 мингга яқин афғон болалари қиш арафасида нормал уй-жойга эга эмаслиги ҳақида огоҳлантирган эди.
Афғонистонда «Толибон»* радикал ҳаракати ҳокимиятни қўлга киритгач, оғир гуманитар вазият юзага келди. Бунга 2021 йилги қурғоқчилик, шунингдек, ҳарбий ҳаракатлар ва кўплаб хорижий ташкилотларнинг толиблар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортгани сабаб бўлди.
26 январь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош котиби Антониу Гутерриш халқаро ҳамжамиятни Афғонистонни фалокатдан қутқариш учун инсонпарварлик ҳаракати учун зарур бўлган барча операцияларга рухсат беришга чақирди.
Шунингдек, Гутерриш миллионлаб афғонлар очликдан азият чекаётгани, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимлари барбод бўлиш арафасида тургани учун «қутқарув» операцияларини чекловчи ҳар қандай қоида ва шартлар тўхтатилиши кераклигини таъкидлади.
Бироқ, ҳокимиятни эгаллаб олган толиблар Афғонистонда ҳали ҳеч ким очликдан ўлмаганини таъкидлаб, халқаро ташкилотларнинг оғир гуманитар аҳволда қолган афғонлар сонига доир тахминларига қўшилмаслигини маълум қилди.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).