Ўзбекистонда 2026 йилга бориб ягона ҳалқали энергия тизимини яратилади

ЎзА фотосурати

2026 йилгача Ўзбекистонда ягона ҳалқали энергия тизими яратилиши керак. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда ҳукумат олдига шундай вазифа қўйди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Президент 25 январь куни эрталаб Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон вилоятларида электр таъминотида юз берган блэкаутни — электр ўчирилганини эслади. Бу ҳолат Ўзбекистондаги барча электр станцияларга таъсир қилган ва фавқулодда вазиятни юзага келтирган. Бунинг оқибатларини бартараф этиш учун Қозоғистон ва Қирғизистонга тахминан бир кун, Ўзбекистонга эса икки кун вақт керак бўлди.

Мазкур воқеанинг сабаблари кўп, деб таъкидлайди матбуот хизмати. – Жумладан, ягона энергетика тизими 220-500 киловольтли магистрал электр тармоқлар орқали тўлиқ ҳалқалаштирилмаган. Шимоли-Ғарбий ва Жануби-Ғарбий энергоузелнинг асосий қисмида 500 киловольтли тармоқлар йўқ. Баъзи магистрал тармоқлар қўшни давлатлар ҳудуди орқали ўтган», — дейилади хабарда.

Шу боис, мамлакатда 500-750 киловольтли тармоқларни қуриш орқали ягона ҳалқа тизимини ҳосил қилиш режалаштирилмоқда.

«2026 йилга бориб, жами генерация қувватларини 27 минг 400 мегаваттга, йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 110 миллиард киловатт соатга етказиш мўлжалланган. Шунда юртимизнинг барча ҳудудлари 500-750 киловольтли тармоқлар орқали мустаҳкам боғланади ва бир бутун тизим яратилади», — дейилади президент матбуот маркази хабарида.

Президент электр энергияси тизимини ислоҳ қилиш, қўшни давлатлар билан соҳадаги ҳамкорликни давом эттириш ва ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Электр энергияси қувватларини ошириш ҳамда уни етказиб беришни автоматлаштириш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлашга кўрсатма берилди

Қозоғистон электр тармоқларини бошқариш компанияси (KEGOC) Ўзбекистондаги Сирдарё иссиқлик электр станциясида рўй берган авария Марказий Осиё мамлакатлари Ягона энергия тизимида (ЯЭТ) кенг кўламли электр энергияси узилишига олиб келганини таъкидлаганди. Ўзбекистондаги Сирдарё ИЭСда 6 та энергоблок қисқа туташув туфайли ўчирилди, умумий ишлаб чиқариш қуввати 1500 МВт дан ортиқ энергия йўқотилди. Ўзбекистон энергетика тизимида юзага келган электр қуввати тақчиллиги Ўзбекистон ва Қирғизистон энергетика тизимлари билан параллел ишлашга уланган Қозоғистон электр тизимидан рухсатсиз электр энергияси тортилишига олиб келди. Натижада 500 кВ кучланишли «Қозоғистоннинг Шимоли-Шарқий-Жануби» транзитида қувватнинг «кўтарилиши» ва унинг кейинги ортиқча юкланиши кузатилди», — деди KEGOC мулозимлари. Блэкуатдан жабр кўрган уч давлатнинг ҳар бирида ҳодиса сабабларини ўрганиш учун махсус комиссиялар тузилган.

Марказий Осиё давлатларининг энергетика тизимлари совет даврида ҳам бир ҳалқага уланган эди. 2003 йили Туркманистон, 2009 йили Тожикистон Ягона электр тизимидан чиқди, ҳозирда у энергия ҳалқасига қайтиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ