Мирзиёев ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш жараёнига жиддий ёндошишни талаб қилди

Somanyhorses.ru сайти фотосурати

Ўзбекистонда ҳайдовчилик таълими тизимини такомиллаштириш, ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимасдан туриб берганлик учун жазони кучайтириш керак. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини белгилаш ҳамда уни жорий йилда амалга ошириш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилишда айтиб ўтди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Мирзиёев ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимасдан туриб олиш одатий ҳолга айланганини таъкидлади.

«Уч ой ҳам ўқимай, ҳатто дарсларга ҳам бормай, гувоҳнома олишади. Нима, Ўзбекистонда қонунлар йўқми?»,— деди президент.

Мирзиёев Ички ишлар вазирлиги (Пўлат Бобожонов), Адлия вазирлиги (Руслан Давлетов) ва Бош прокуратура (Нағматилла Йўлдошев) раҳбарларига мурожаат қилар экан, йўлларда хавфсиз ҳаракатланиш учун шарт-шароит яратиш, ҳайдовчилар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштиришни ва ўқимасдан сертификат берганлик учун жазони кучайтириш бўйича таклифлар киритишни талаб қилди.

Президент йўлларда хавфсиз шароитлар яратиш, йўл-транспорт ҳодисалари ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш бўйича йўл ҳаракати бошқарувини тўлиқ рақамлаштиришга доир топшириқ берди.

Бундан олдин, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳайдовчилик гувоҳномасини олишни хоҳловчилар учун автоматлаштирилган имтиҳон марказларини очиш тўғрисида маълум қилганди. Назарий ва амалий аттестация имтиҳонлари инсон аралашувисиз ўтказилади ва баҳоланади. «Бу ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни топшириш жараёнида эътирозларга сабаб бўлаётган коррупцион ҳолатларга чек қўяди», — дейилади бошқарма матбуот хизмати хабарида.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ